Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи Аҳад Саидов ва Марҳабо Беҳбудовалар оиласи Бухоро шаҳридаги 32-сонли “Меҳрибонлик уйи”дан 5 нафар болани ўз тарбиясига олди.
Мазкур оила аризасига биноан Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси масъуллари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Дастлаб, оила вакиллари билан болаларни асраб олиш бўйича белгиланган муддатда ўқув дарслари ўтказилди. Оила вакиллари болалар ҳаёти билан таништирилди. Яшаш хонадони тегишли тартибда ўрганилиб, тарбияланувчилар учун қулай шароит яратилди.

–Албатта, меҳрга муҳтож болаларнинг бошини силаш, унга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос юксак инсоний фазилат, – дейди Марҳабо Беҳбудова. – Бир болага етти маҳалла – ота-она, деган гап ҳам бежизга айтилмаган. Шу юртда, жамиятда яшаётган ҳар бир боланинг, у кимнинг зурриёди бўлишидан қатъий назар, келажагига бефарқ бўлмай, унга меҳр-эътибор кўрсатсак, нафақат уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраган бўламиз, балки ёш авлод олдидаги инсоний бурчимизни ҳам адо этган бўламиз.

“Оилавий болалар уйи”га давлат томонидан молиялаштирилган 1,5 та штат ажратилган бўлиб, ҳар бир боланинг ойлик озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа харажатлари давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилади.
Зариф Комилов, ЎзА