Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг хотини Баҳри Акрамова инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган инсонлардан. Тошкентлик темирчи оиласи Иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллатнинг қаровсиз ва етим қолган болаларини фарзандликка олиб тарбиялаган, меҳр берган.
Ҳар қандай жамиятда турли табақа вакиллари мавжуд. Улар ичида ўзгалар эътибори, меҳр-мурувватига муҳтож тоифалардан бири етимлардир. Шукрки, юртимизда етимлар бошини силайдиган меҳрибонлик уйлари, саховатли кишилар бор.
Бухоролик Меҳриддин Маттиевлар хонадонини кўпчилик кўп болали оила сифатида яхши танишади. Чунки Меҳриддин ака 2021 йилда 9-сон Оилавий болалар уйини ташкил этди. Бугунги кунга қадар 9 нафар болани асраб олиб, вояга етказиб, улардан 4 нафарини катта ҳаётга қадам қўйишига замин яратди. Ўзининг бир ўғил ва икки қизи бўлишига қарамай, меҳрга зор ўксик дилларга қувонч улашишни мақсад қилган бу оила маҳаллада ҳам ўз ўрнига эга намунали хонадон ҳисобланади.
– Ўзим зиёли оилада туғилганман, – дейди қаҳрамонимиз. – Аммо тақдир тақозо қилиб, Меҳрибонлик уйида вояга етишимга тўғри келди. Болаликдан мустақил фикрли бўлганман. Улғайганимдан сўнг ўқишга кирдим. “Миллий таомлар” ошхонасини йўлга қўйдим. Ҳозирда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаман. Ўзим меҳрибонлик уйида яшаганим сабаб, доим ҳамма болаларни уйимга олиб кетишни ният қилганман. Мана ниятим холис экан, бугунги кунда кўп болали отаман. Қилган савобимдан қалбим хотиржам бўлди. Чунки ўзим ота-она меҳрига зор катта бўлдим. Фарзандларим шу ғамни чекмаслиги учун бутун ҳаётимни бағишладим. Болалар тарбияси ота‑онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчи. Мен буни жуда яхши тушунаман. Фарзандларим дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилганман. Болаларим атрофдан “отангга раҳмат” деган гапни эшитганида ўзимни ҳақиқий бахтли ҳис қилганман, мақсадларимга эришганимни англаганман.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 ноябрдаги “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, зўравонликдан жабр кўргани сабабли оиласидан олинган болаларни муқобил жойлаштириш шаклларини такомиллаштириш ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш мақсадида бир қанча зарурий чора-тадбирлар белгилаб берилди. Хусусан, 2025 йил 1 февралдан бошлаб оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр ва хотиндан иборат тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади, 30 ёшга тўлган фуқароларга оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат этилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар оилага тарбияга (патронат) фақат уларнинг қариндошларига берилади, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг яшаш харажатлари, оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга болани тарбиялагани (парваришлагани) учун ажратиладиган маблағлар тарбияланувчилар умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларини тамомлагунига қадар берилади.
Фармон билан “Инсон” марказлари боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитацияси учун қўшимча харажатларни бола фойдасига ундириш бўйича судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА