Меҳр ва саховат улашилди
Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, муборак Қурбон ҳайити арафасида амалга оширилаётган саховат ва хайр-эҳсон тадбирлари бу эзгу анъананинг амалий ифодаси бўлмоқда. Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли хайрли ишлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Бухоро вилоятида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига, етим болаларга ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур эзгу ташаббус доирасида 300 нафардан ортиқ етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилди. Бу эътибор ва ғамхўрлик болаларнинг қалбида байрамона кайфият, эртанги кунга ишонч ва меҳр туйғуларини янада мустаҳкамлади.


Шунингдек, Бухоро шаҳридаги 2-сон Оилавий болалар уйида тарбияланаётган болалар ҳамда васийлик, ҳомийлик ва патронат асосида тарбияланаётган болаларга ҳам моддий ёрдам кўрсатилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Зойиров болалар яшаб турган хонадонларга ташриф буюриб, уларни Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этди. Болажонларга байрам совғалари топширилиб, эзгу тилаклар билдирилди.
Учрашувлар давомида болаларнинг яшаш шароитлари, таълим-тарбияси ва соғлиғи билан яқиндан танишилди. Болаларнинг юзидаги қувонч ва кўзларидаги ишонч бу каби меҳр-мурувват тадбирларининг нечоғли аҳамиятли эканини яна бир бор намоён этди. Зеро, биргина илиқ сўз, меҳрли муносабат ёки кичик эътибор ҳам бола қалбида катта умид уйғотади.


Айни вақтда Бухоро вилоятида 11 та Оилавий болалар уйи фаолият юритиб келмоқда. Уларда 34 нафар бола тарбияланмоқда. Болаларнинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етиши, замонавий билим ва тарбия олиши, соғлом ва бахтли ҳаёт кечириши учун барча зарур шароитлар яратилган.
Бугунги кунда амалга оширилаётган бундай саховат ва меҳр-оқибат тадбирлари жамиятда инсонпарварлик, бағрикенглик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, эҳтиёжманд болалар ва оилалар давлат ва жамият эътиборидан четда эмаслигини ҳис этмоқда. Бу эса юртимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топаётганининг ёрқин намунасидир.


Қурбон ҳайити нафақат байрам, балки меҳр-шафқат, саховат ва инсонпарварлик тимсоли сифатида қалбларни яқинлаштириб, эзгуликка чорлайди. Бухорода ўтказилаётган бу каби хайрли тадбирлар эса ана шу улуғ қадриятларнинг ҳаётимизда мустаҳкам қарор топаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири