Меҳр ва ғамхўрлик ҳаётимиз мазмунига айланмоқда
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда ижтимоий ҳимоя тизими мутлақо янги босқичга кўтарилиб, “инсон учун давлат” тамойили амалда ўз ифодасини топмоқда. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, спорт билан шуғулланиши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар эзгу сиёсатнинг ёрқин натижасидир.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги “Қорахони” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ҳам ана шу инсонпарвар ёндашувнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Бу ерда ижтимоий ходим Гулноза Отажонова аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ҳамда жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида самарали фаолият юритмоқда.
Маҳаллада 6 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улардан 182 нафари ногиронлиги бўлган шахслар, 45 нафари “Ижтимоий реестр”га киритилган фуқаролардир. Шунингдек, 2 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола давлат ҳимоясига олинган. Эътиборлиси, маҳаллада эҳтиёжманд аҳоли билан ишлаш расмиятчилик эмас, балки ҳар бир инсон тақдирига дахлдорлик ҳисси билан ташкил этилган. Натижада 10 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг доимий бандлиги таъминланди. 8 нафари адаптив спорт тўгаракларига жалб қилиниб, соғлом турмуш тарзига йўналтирилди. Яна 15 нафар эҳтиёжманд фуқаро протез-ортопедия мосламалари ва реабилитациянинг техник воситалари билан таъминланди. Бу рақамлар ортида эса инсон тақдири, оила қувончи ва эртанги кунга бўлган ишонч мужассам. Ана шундай ҳаётий мисоллардан бири — II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тўрт нафар фарзанднинг меҳрибон онаси Гулмира Сайфуллаева ҳаётидир.
У давлат томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳаётда фаол бўлиш мумкинлигини ўз мисолида исботлаб келмоқда. Ижтимоий ходим ташаббуси билан адаптив спортнинг енгил атлетика йўналишида мунтазам шуғулланаётган Гулмира "Беш ташаббус олимпиадаси"нинг республика босқичида иштирок этиб, ўзининг кучли иродаси, матонати ва ғалабага интилишини намоён қилди.
Унинг муваффақияти нафақат ўз оиласи, балки маҳалладаги кўплаб ногиронлиги бўлган инсонлар учун ҳам катта руҳий таянч ва илҳом манбаи бўлмоқда. Бу эса Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “ҳар бир инсон жамият учун қадрли” деган эзгу ғоянинг амалий натижасидир.
Гулмира Сайфуллаева оиласига кўрсатилаётган ижтимоий кўмаклар ҳам давлат ғамхўрлигининг яна бир ёрқин намунасидир. Унинг фарзандлари бепул тўгаракларда билим ва қобилиятларини ривожлантирмоқда. Яна бир фарзанди мактабгача таълим муассасасига имтиёзли асосда қабул қилинган. Оила “Ижтимоий реестр”га киритилиб, бола нафақаси тайинланган. Шунингдек, бир марталик компенсация маблағи ажратилиб, оиланинг ижтимоий барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшилган.
Бугун Қорахони маҳалласида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир хайрли иш инсон ҳаётини енгиллаштириш, унинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ва жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу ишлар эҳтиёжманд инсонларда давлатга бўлган ишончни янада мустаҳкамлаб, уларнинг эртанги кунга умидини оширмоқда.
Инсон қадрини эъзозлаш, меҳр ва ғамхўрликни ҳаёт мезонига айлантириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим тамойилидир. Ғиждувоннинг Қорахони маҳалласида амалга оширилаётган эзгу ишлар шу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқламоқда. Бу ерда ҳар бир эҳтиёжманд инсон эътибордан четда қолмаяпти, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани чуқур англанмоқда. Зеро, инсонни рози қилиш, унинг ҳаётини яхшилашга хизмат қиладиган ҳар бир эзгу амал Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири