Қашқадарё вилояти Қарши туманида фаолият юритаётган ижтимоий ходим Шаҳло Қурбонова ўз иши орқали кўплаб оилаларнинг ҳаётига ижобий ўзгариш киритмоқда.
Сўнгги икки йил давомида у 47 та кейс очишга муваффақ бўлди. Бу 47 та оила тақдири, 47 та инсоннинг умиди дегани. Ҳар бир мурожаатчи билан индивидуал иш режаси асосида иш олиб борилиб, шуларнинг 32 таси бўйича масалалар ижобий ҳал этилди.

– Ижтимоий ходим нафақат кўмакчи, балки инсонларнинг сирдоши ҳамдир, – дейди Ш.Қурбонова. – Энг муҳими, ишонч қозониш. Чунки ишонч орқали одамнинг қалбига, муаммосига йўл топиш мумкин.
Мисол учун, Шаҳноза Турсунпўлатова “Камбағаллик реестри”га киритилиб, болалар нафақаси тайинланган. Қайнонаси парваришга муҳтожлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 майдаги тегишли қарорига мувофиқ “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида у шахсий ёрдамчи сифатида иш билан таъминланди ва моддий ёрдам тайинланди.

Бугунги кунда ана шундай меҳр ва эътибор билан иш юритаётган ижтимоий ходимлар аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири