Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети маданият саройида талаба-ёшларнинг ижтимоий шароитини яхшилаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.
Жорий йил 4 март куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, университетда «Коворкинг офислари» фаолиятини ташкил этиш, талабалар ишлаши мумкин бўлган иш ўринларини аниқлаб, иш берувчилар билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари, учрашувлар ўтказиш режалари ишлаб чиқилган.
Ярмаркада Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидан 40 га яқин ташкилотлар ўзларининг 1 минг 298 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Биргина Чирчиқ шаҳрида фаолият юритаётган «ЛУКБО» МЧЖнинг ўзида 800 та бўш иш ўрни борлиги университет талабалар турар жойида яшовчи қизлар учун яхши янгилик бўлди.

Бу ерга келган талаба-ёшлар фақатгина иш ўринлари билан танишибгина қолмасдан, мутасадди ташкилотларга ўзларини қизиқтирган соҳа бўйича ишлаш таклифи билан ҳам мурожаат қилди. Хусусан, 50 нафарга яқин университет талабалари Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси тизимидаги спорт ташкилотларга ишга кириш таклифини билдирди. Ярмаркадаги иш берувчи ташкилотларнинг аксарияти Чирчиқ шаҳри ҳудудига яқин бўлган ДМТТ, БЎСМ ва спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорат мактабларидан келган бўлиб, улар асосан, спорт турлари бўйича мураббийларга яхшигина ойлик-маош асосида ишга олиш таклифини билдирди.
Бундан ташқари университетнинг 3-4-курс талабалари учун мазкур мактабларда спорт тўгараклари ташкил этилгани ва қўшимча имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА