Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан “Ўзбекистонда меҳнат қонунчилигининг бажарилиши тўғрисида шаффоф ҳисобот” мавзусида халқаро онлайн тадбир ташкил этилди.
Унда 2020 йилга асосланиб тузилган “Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш” номли янги хисобот тақдимоти бўлиб ўтди.
– Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳозирги кунда энг долзарб масалалардан бири бўлиб турган меҳнат қонунчилиги талабларига жойларда риоя этилиши, шунингдек, мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат муҳофазасига боғлиқ масалаларни кўриб чиқишдан иборат, – дейди Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи, бош давлат меҳнат инспектори Қудратилла Одинаев. – 2020 йилда давлат меҳнат инспекцияси томонидан жами 26 мингдан кўпроқ фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Шундан 18 мингдан кўпроғи қаноатлантирилди. 9 мингга яқин фуқарога тушунтиришлар берилди. 2020 йилда 2019 йилга нисбатан мажбурий меҳнат холатларига барҳам бериш бўйича яхши натижаларга эришдик. Мисол учун, 2019 йилда давлат меҳнат инспекторлари томонидан олиб борилган текширишлар натижасида жойларда жами 259 та мажбурий меҳнат ҳолати аниқланган бўлса, 2020 йилда бу ҳолат 106 тани ташкил қилади.
Шунингдек, вазирлик раҳбарлари меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган чоралар, Давлат меҳнат инспекциясининг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашдаги салоҳиятини кучайтиришда эришилган ютуқлар ҳамда аёллар ва эркаклар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА