“Меҳнат кодексига шарҳ” электрон лойиҳаси меҳнат қонунчилигини содда ва тушунарли шаклда изоҳлаб беради
Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистон меҳнат бозори трансформацияси: янги тенденциялар, асосий ўзгаришлар ва инновацион HR” форумида меҳнат қонунчилигини аҳолига янада яқинлаштириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва меҳнат муносабатларида ягона ҳуқуқий ёндашувни шакллантиришга қаратилган “Меҳнат кодексига шарҳ” электрон лойиҳаси тақдим этилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева Меҳнат кодексининг аҳамияти, лойиҳанинг яратилиш мақсади ҳамда электрон платформанинг функционал имкониятлари хусусидаги саволларга жавоб берди.
—Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси нима учун муҳим?
— “Меҳнат кодексига шарҳ” — бу Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига бағишланган интерактив электрон ҳуқуқий платформа бўлиб, у меҳнат қонунчилигини содда ва тушунарли шаклда изоҳлаб беради. Меҳнат кодекси фуқароларнинг меҳнат қилиш, муносиб иш ҳақи олиш, хавфсиз меҳнат шароитида ишлаш ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Оддий қилиб айтганда, Меҳнат кодекси ишчи ва иш берувчи ўртасидаги “қонун”дир. Бироқ, амалиётда кўплаб фуқаролар меҳнат шартномасини тўлиқ ўқимасдан имзолаши, иш вақти, меҳнат таътили, иш ҳақи, синов муддати ёки ишдан бўшатиш тартиби каби муҳим масалаларга етарлича эътибор қаратмаслиги оқибатида турли низолар юзага келмоқда. Платформа нафақат юристлар, балки иш берувчилар, ходимлар ва меҳнат фаолиятини эндигина бошлаётган ёшлар учун ҳам қулай манба бўлиб хизмат қилади.
—Агар иш берувчи томонидан меҳнат ҳуқуқлари бузилса, ходим қандай йўл тутиши мумкин?
— Аввало, ҳар ким қонунни яхши англаши лозим. Ҳуқуқини билган инсонгина уни ҳимоя қила олади. Шунинг учун Меҳнат кодексини ўқиш ёки унинг расмий шарҳларидан фойдаланиш жуда муҳим. Кодекс тили баъзан ҳуқуқий атамаларга бой бўлади. Электрон шарҳ эса ҳар бир моддани оддий тилда тушунтириб беради, ҳаётий мисоллар келтиради. Бу нафақат юристлар, балки ҳар бир ишловчи фуқаро учун ҳам қулай. Ўзбекистонда илк бор Меҳнат кодексига шарҳ анъанавий китоб эмас, балки электрон платформа шаклида ишлаб чиқилди. Бу эса фойдаланувчиларга исталган вақтда ва исталган жойдан платформадан фойдаланиш, уни мунтазам равишда янги изоҳлар ва амалий мисоллар билан бойитиб бориш ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришларни қисқа муддатда платформага жойлаштириш имконини беради. Платформа меҳнат муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, иш берувчи ва ходимлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш ҳамда амалдаги меҳнат қонунчилигини бир хил талқин қилишда муҳим восита бўлади.
—Бу платформа кимлар учун энг фойдали?
— Кадрлар бўлими ходимлари, тадбиркорлар, давлат ташкилотлари, касаба уюшмалари ва албатта, меҳнат фаолиятини бошлаётган ёшлар учун. Чунки улар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини осон англаб олишлари мумкин. Яна алоҳида қайд этишим мумкинки, электрон платформадан e-kodeks.uz манзили орқали бепул фойдаланиш мумкин.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА