Меҳмонхоналар қурилишида маҳаллий материаллар улуши оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш материаллари тармоғида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Яқинда ҳудудларда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича икки йиллик катта дастур қабул қилинди.
Дастур доирасида 34 та йирик туризм объекти, 1 мингдан ортиқ жойлаштириш воситаси, хусусан, 200 та меҳмонхона қуриш режа қилинган.
Масалан, Паркентда яқинда очиладиган “Кумушкон ресорт” туризм комплексида 98 фоиз маҳаллий қурилиш материаллари ишлатилмоқда.
Ҳокимлар ҳам ўз ҳудудларида барпо этилаётган меҳмонхоналарда маҳаллий материаллар улушини камида 95 фоизга етказишлари зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун кейинги йил якунига қадар меҳмонхона қуриш ва безатишда фойдаланиладиган лок-бўёқ ишлаб чиқаришни 119 мингдан 150 минг тоннага, сантехникани 1,5 миллиондан 2 миллион донага, ПВХ қувур ва фитингларни 255 мингдан 300 минг тоннага, гулқоғозни 6 миллиондан 7,5 миллион тоннага, декоратив панелларни 15 миллион квадрат метрдан 18 миллион квадрат метрга етказиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
ЎзА