ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳрида “Медиа орқали аёллар ҳуқуқларини кенг тарғиб қилиш: тўсиқларни бартараф этиш ва медиада масъулиятли ёритиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда вилоятда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари, блогерлар ва ахборот хизматлари ходимлари иштирок этди.
“Янги медиа таълим маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорлик ўтказилган лойиҳада сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Хусусан, бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинди. Шу асосда тегишли дастурлар ишлаб чиқилиб, қатор вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
[gallery-16707]
Ушбу жараённи ва соҳада мавжуд муаммоларни медиада ёритиш ишларини сифат босқичига олиб чиқишда ҳудудлардаги ёш журналистлар ва блогерларнинг билими ва маҳоратини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Чунки айнан улар орқали олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳияти аҳолига кенг ва батафсил етказиб берилади.
Мамлакатимиздаги ёш қизларнинг билим олиши учун жуда катта имкониятлар очилаётгани кўпчиликка сир эмас. Зеро, медиада хотин-қизлар образини яратиш, ён-атрофимиздаги аёл қаҳрамонлар фаолиятини ёритишга янада кўпроқ эътибор қаратилиши зарур. Аёлларимиз орасида бизнес ледилар, ишбилармонлар, спортчилар, врачлар, фермерлар, тадқиқотчилар ва бошқа турли муҳим соҳаларларда салмоқли натижаларга эришганлари талайгина. Семинар давомида иштирокчиларнинг асосий эътибори айни мавзуда оддий ўқувчилар учун қизиқарли ва сифатли контент тайёрлаш масаласига қаратилди.
Уч кун давом этган тренингда фаол қатнашган журналист ва блогерлар тегишли сертификатга эга бўлдилар.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА