🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Медиа соҳаси муаммолари муҳокама қилинди

Медиа соҳаси муаммолари муҳокама қилинди
Жамият
Танлаш
18:27 / 10.11.2023

Урганч шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ва уюшманинг Хоразм вилояти бўлими ҳамкорлигида “Оммавий ахборот воситаларида холислик ва ҳаққонийлик масъулияти” мавзусида минтақавий конференция ўтказилди.

Анжуманда вилоятда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари, ахборот хизматлари раҳбар ва ходимлари, журналист ва блогерлар иштирок этди. Конференцияда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов Президентимиз раҳбарлигида юртимизда медиа соҳани ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари ҳамда уларда фаолият олиб бораётган журналистларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. 

– Чекка қишлоқ ва овулларимизда, туман ва шаҳарларимизда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларини, воқеа-ҳодисаларни холис, ҳаққоний, адолатли ёритиш оммавий ахборот воситалари вакиллари, яъни журналистларга катта масъулият юклайди, – деди Х.Салимов.

Анжуманда Хоразм вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова “Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш масъулияти” мавзусида маъруза қилди. У ўз маърузасида бугунги кунда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони ортиб бораётгани сабабли ахборот тарқатишга масъулият билан ёндашиш лозимлигини таъкидлади. 

Xorazm Konferensiya  (1).JPG
Xorazm Konferensiya  (2).JPG
Xorazm Konferensiya  (3).JPG
Xorazm Konferensiya  (4).JPG
Xorazm Konferensiya  (5).JPG
Xorazm Konferensiya  (6).JPG
Xorazm Konferensiya  (7).JPG
Xorazm Konferensiya  (8).JPG
Xorazm Konferensiya  (9).JPG
Xorazm Konferensiya  (10).JPG
Xorazm Konferensiya  (11).JPG
Xorazm Konferensiya  (12).JPG

“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири Назира Матякубова “Сўз эркинлиги ва журналист масъулияти” мавзусидаги маърузасида матбуот ва сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамияти, уларнинг дaвлaт билaн жамият ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлашда ўзига хос ўрни, ахборот тарқатишнинг ҳуқуқий асослари, журналистлар зиммасига юклатилган масъулиятли вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. 

Минтақавий конференция иштирокчилари бугунги кунда оммавий ахборот воситалари олдида турган муҳим вазифалар, мавжуд муаммолар, газета ва журналларга обуна, журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, босма ва интернет нашрлари орқали тарқатилаётган ахборот холис ва ҳаққоний бўлишини таъминлаш каби масалалар хусусида фикр алмашди. 

Мулоқот жараёнида “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси Адилбой Ўрозов, “Урганч ҳақиқати” газетаси муҳаррири Комил Ўрозимбетов ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Конференцияда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинган бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Хоразмда кейинги йилларда амалга оширилган кенг бунёдкорлик ишлари билан таништириш мақсадида иштирокчилар учун Урганч шаҳри бўйлаб пресс-тур ҳам ташкил этилди.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари

Муаллиф: Ahmadjon Shokirov