Меценатлик фаолияти жамиятда маънавий, маданий муҳитни юксалтиришга кўмаклашади
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Меценатлик тўғрисида”ги Қонуни ижросини ўрганиш ва уни янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мавжуд ҳуқуқий базанинг аҳамиятига тўхталиб ўтилди. Ушбу қонуннинг амалдаги ижро ҳолати, уни амалиётга татбиқ этиш жараёнида юзага келаётган масалалар атрофлича таҳлил қилинди.
— “Меценатлик тўғрисида”ги қонун 2019 йил октябрда қабул қилинган бўлиб, маданият, санъат, таълим, илм-фан ва маданий мерос соҳаларини ҳомийлик ва меценатлик орқали қўллаб-қувватлаш муносабатларини тартибга солади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Ойдин Абдуллаева. — Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади маданият, санъат, таълим ва илм-фан ташкилотларига моддий ва бошқа хил кўмак бериш ҳамда меценатлар учун солиқ имтиёзлари ва бошқа преференцияларни жорий этиш орқали ушбу фаолиятни ривожлантиришдан иборат. Маданий, маърифий соҳаларни ривожлантириш ва рағбатлантириш партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалардандир. Шундан келиб чиқиб, ушбу қонун ижросини ўрганган ҳолда амалий таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Таъкидланганидек, “Меценатлик тўғрисида”ги қонун ижроси Самарқанд, Хоразм ва Фарғона вилоятлари мисолида атрофлича ўрганилди. Натижада соҳадаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этиш ва қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган 9 турдаги асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясига тақдим этилган.
Муҳокамаларда мутахассислар меценатлик фаолиятини янада рағбатлантириш, қонун нормаларини амалиётда самарали ва тўлиқ қўллаш, шунингдек, соҳада учраётган тўсиқларни бартараф этиш юзасидан ўз таклиф-тавсияларини билдирдилар.
М.Комилова, ЎзА