МДҲ ташқи ишлар вазирлари Туркманистонда тўпланди
Бугун Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи сиёсати идораси раҳбари Бахтиёр Саидов ўзининг телеграм каналида маълум қилди.

– Тор ва кенг доирада бўлиб ўтган мулоқотларимиз давомида ҳамкасбларимиз билан халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар, шунингдек, МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашдик. МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига тайёргарлик масалаларини батафсил муҳокама қилдик, - деб ёзди у ўз саҳифасида.

Таъкидланишича, йиғинларда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, самарали транспорт ва логистика занжирларини шакллантириш, гуманитар ва ёшлар алмашинувларини фаоллаштириш, рақамли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши биргаликда курашиш бўйича қатор ташаббус ва таклифлар илгари сурилган.
Ў.Алимов, ЎзА