МДҲ Парламентлараро ассамблеяси баҳорги сессияси бўлиб ўтмоқда
Санкт-Петербург шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеяси баҳорги сессияси тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Унда Сенат раиси бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси иштирок этаётир.
Халқаро анжуман доирасида МДҲ Парламентлараро ассамблеяси Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон парламент делегациялари иштирок этди.

Мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хавфсизликка оид замонавий таҳдидларга қарши курашиш, қонунчиликни уйғунлаштириш ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, доимий комиссиялар йиғилишлари, Ёшлар парламентлараро ассамблеяси йиғилиши ўтказилди.
Сессия доирасида сунъий интеллект ва замонавий технологиялардан терроризмга қарши курашиш ва радикализм ҳамда экстремизмнинг олдини олиш соҳасида фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солиш масалаларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади.
МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 60-ялпи йиғилишида иштирокчилар МДҲда Соғлиқни сақлаш йили доирасида амалга оширилаётган ишлар, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш тизимини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича тавсиялар, шунингдек, қатор қонунлар ва Ассамблея ҳужжатларининг янги таҳрирларини кўриб чиқади.
МДҲ Парламентлараро баҳорги сессияси доирасида Ўзбекистон Сенати раисининг икки томонлама учрашувлари ҳам ташкил этилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА мухбири
Санкт-Петербург, Россия