Куни кеча «МИР-24» телеканали МДҲ мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ сўнгги вазиятга баҳо берди.
Тожикистонда икки ҳафтадирки, коронавирусга чалиниш қайд этилмаяпти. Касалхоналардаги қарийб барча беморлар тузалиб чиқди. Қолганлари врачлар назорати остида уйида даволанмоқда. Яқин орада Тожикистон бошқа мамлакатлар билан авиақатновларни тиклашни режалаштиряпти.
Молдовада коронавирус чекинмаяпти. Янги йил байрамидан сўнг вазият яхши томонга ўзгара бошлаган эди. Кунлик кўрсаткич ҳам анча пасайганди. Бироқ охирги бир неча кун мамлакатда ҳар куни 600 дан ортиқ янги ҳолат аниқланмоқда.
Молдова соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар берилишича, оғир ҳолатдаги касаллар сони ортиб бормоқда, ҳар куни 15-17 киши вафот этмоқда. Ҳар эҳтимолга қарши мамлакат касалхоналарида қўшимча жойлар ҳозирлаб қўйилмоқда.
Беларусда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси билан коронавирус диагностикаси учун антигенли тестлар келтирилмоқда. Тестлар Глобал жамғарма йўналиши бўйича харид қилинган. Тестларнинг жавобини ўн дақиқадан ярим соатгача вақт ичида олиш мумкин.
Лекин мутахассисларнинг таъкидлашича, бу экспресс-тестларнинг ўзига хос томонлари ҳам бор. Яъни улар касаллик белгилари пайдо бўлмагунча вирус борлигини кўрсатмаслиги мумкин. Шу боис уларни коронавирусни аниқлашнинг асосий воситаларига қўшимча сифатида қўллаш тавсия этиляпти. Экспресс-тестлар Минскдаги дорихоналарда ҳам сотилмоқда, фақат улар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тегишли.
Қозоғистонда 1 февралдан оммавий эмлаш бошланди. Эмлаш асосан, Россиянинг «Спутник V» вакцинаси орқали амалга оширилмоқда. Март ойидан бошлаб эса Қозоғистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган QazCovid- in вакцинасини қўллаш режалаштирилган. Агар ушбу препарат синовдан муваффақиятли ўтса, Президент Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам ушбу вакцинани қабул қилмоқчи. Режага кўра, йил охиригача мамлакатда тахминан 6 миллион киши эмланиши керак.
Озарбайжон мактаблари яна тўлиқ очилади. Мактабларда тиббий-профилактика билан боғлиқ вазият қаттиқ назоратга олинади. Боку шаҳар бошқармаси томонидан таълим муассасаларида дезинфекция ишлари тизимли олиб борилади, дейилади хабарда.