МДҲ кузатувчилар миссиясининг 25 нафар халқаро кузатувчиси аккредитациядан ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда айрим сайлов участкаларига биометрик идентификация қилиш қурилмаларини ўрнатиш, сайловларда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказишга оид масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси М.Абдусаломов МСК томонидан демократик ҳуқуқий давлатда сайловларни очиқ ошкора ташкил этиш, мамлакат фуқароларининг сайловга оид Конституцион ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш, ҳар бир сайловчига хоҳ у мамлакатимиз ҳудудида, хоҳ у хорижий давлатда истиқомат қилаётган бўлсин, сайловларда фаол иштирок этиш ва ўзи муносиб деб топган номзодга ихтиёрий, яширин овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
МСКнинг қарорига биноан, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган Ватандошларимиз бўлган сайловчиларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 55 та сайлов участкалари ташкил этилган ва улар Тошкент шаҳрида тузилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 12 та сайлов округларига бириктирилган.
Хориждаги участка сайлов комиссияларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида ташкилий-услубий ёрдам кўрсатилиб, сайловни самарали ташкил этиш учун жиҳозлар, атрибуткалар, номзодларнинг плакатлари тўлиқ етказиб берилган. Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масалага биноан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг таклифларига биноан ўзгартириш киритилган айрим сайлов участкаларига биометрик идентификация қилиш қурилмаларини ўрнатиш ишларини жорий йилнинг 15 декабрига қадар якунлаш белгиланди ҳамда сайлов куни овоз бериш жараёни ва сайлов якунларини чиқариш босқичлари тўғридан тўғри намойиш этиладиган сайлов участкалари рўйхати тасдиқланди.
Парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ишларни, овоз бериш жараёнини юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг, кўплаб халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг вакиллари, журналистлар бевосита кузатиб боради.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кузатувчилар миссиясининг 25 нафар халқаро кузатувчиси аккредитациядан ўтказилди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясини ёритиш юзасидан мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш давом этмоқда. Ҳозирги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 264 тага етди. Худди шундай ваколатга эга бўлган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони эса юздан ошди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.