Кунлар исиган сари сув таъминоти, айниқса, ичимлик сувига эҳтиёж кўпаяди. Бироқ, уни тежаш, тўғри сарфлаш ва мавжуд тўловларни эса ўз вақтида тўлашга одатланмаган ҳолатлар ҳам учраб туради.
Ҳозирда юртимиз бўйлаб ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан аҳоли, юридик ташкилот ва корхоналарда ичимлик суви таъминоти бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. Истеъмол қилинаётган шаффоф сувни тўловлари вақтида амалга оширилиши табиий ресурсларни етказиш сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.


Бу борада Мажбурий ижро бюроси органлари ҳам иш юритувларида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ичимлик сувидан бўлган қарздорликларни ундиришда сув таъминоти корхоналарига яқиндан ёрдам бермоқда. Жумладан, Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси ва унинг туман-шаҳар бўлимлари томонидан “Тошкент сув таъминоти” АЖ билан ҳамкорликда ичимлик сувидан дебитор қарздорлиги мавжуд хонадонлар ва юридик ташкилотларда ундирув чораларини кўрмоқда.


– Жорий йилнинг 17 март кунида бошланган қўшма тадбирлар давомида биргина Тошкент вилоятида жами иш юритувдаги 1 минг 223 та 7 миллиард 463 миллион сўмлик ижро ҳужжатларидан 268 та 1 миллиард 192 миллион сўмлиги тамомланган, – дейди Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси инспектори Беҳзод Тўлқинов. – Шундан 204 та ҳужжат бўйича тўловлар амалда ундирилган. Жараёнда фуқароларга ҳуқуқий мажбуриятлари ҳам тушунтирилиб, қонунбузарликнинг оқибатлари айтилмоқда.


Мисол учун, Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2024 йилдаги қарорига асосан қарздор “ALU MIX PLAST” МЧЖдан 78 миллион 583 минг 669 сўм қарздорлик тўлиқ ундирилди.
Жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туман судининг 2025 йилдаги қарорига асосан қарздор Фазлиддин Тиляповдан 174 миллион 790 минг сўм ундирилиб, ижро ҳужжати тамомланган.

Бюронинг Бекобод шаҳар бўлими иш юритувидаги суди қарорига асосан эса, шаҳар тиббиёт бирлашмасининг мавжуд қарздорлиги жами 214 миллион 454 минг 287 сўм бўлиб тўлиқ ундирилди.
Вилоят бўйича бу каби тадбирлар давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА