Майдонда МИБ ходимлари
Наманганда Истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси тизими ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.
Давлатобод туманидаги спорт мажмуаларида ташкилланган мусобақада иштирокчилар сузиш, югуриш ва стол тенниси турлари бўйича беллашди. Ҳар бир қатнашчи ўзининг чаққонлиги, чидамлилиги ва маҳоратини ишга солиб, ғолиблик учун кураш олиб борди.

Мусобақанинг сузиш баҳсларида Баҳромжон Қўзиевга тенг келадиган рақиб топилмади. Стол тенниси ўйинларида Фурқат Жабборов зафар нашидасини сурди. Югуришда маррага биринчи бўлиб етиб келган Қобил Муҳиддинов шоҳсупага кўтарилди.


Ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ва жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган мусобақалар якунида, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.