Аввалроқ, давлат раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги қарорига асосан Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Майданак” обсерваторияси негизида туристик-рекреацион зона ва халқаро умуммавсумий курорт барпо этилаётгани ҳақида маълумот берган эдик.
Навбатдаги хизмат сафари чоғида ҳам мазкур ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида яна Майданак тоғ массивига йўл олдик.
Ҳозирда бу ерда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Телескоп орқали коинот сирларини томоша қилиш кўпчиликнинг орзусидир. Илм-фан соҳасида катта аҳамиятга эга бўлган бу обсерватория узоқ йиллар давомида кенг жамоатчиликдан йироқ, махфий ҳолда фаолият юритган. Энди эса унинг эшиклари барча хоҳловчилар учун очилади.
– Бу ердаги иншоотлар илгари махсус мақсадларда фойдаланилган ва кенг оммага ёпиқ бўлган, – дейди “Майданак” юқори тоғ туристик маркази бош мутахассиси Алишер Рўзиқулов. – Энди эса сайёҳлар телескоп орқали лазер технологиялари билан танишиш, яқин юлдузлар ўлчамларини аниқлаш жараёнларини ўз кўзлари билан кузатиш имкониятига эга бўлади. Ҳозирда икки йирик телескоп тўлиқ қайта таъмирланмоқда – бири илмий тадқиқотлар учун, иккинчиси эса музей сифатида фойдаланилади. Сайёҳларни қабул қилиш 2026 йилдан бошланиши режалаштирилган.
[gallery-24557]
Дунёда астроклимат жиҳатидан 3-ўринда турадиган ушбу обсерватория нафақат сайёҳлик, балки илм-фан салоҳиятини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда объектда кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоятида туризм салоҳиятини янада ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мираки туризм маркази, Китоб туманидаги Қайнар ва Башир қишлоқларидаги туризм лойиҳалари шулар жумласидандир. Майданакдаги ушбу янги туристик-рекреацион зона эса мазкур ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.
– Қурилиш ишлари босқичма-босқич, уч йил мобайнида амалга оширилади, – дейди лойиҳа менежери Севдор Набижонов. – Жорий йил охирига қадар 20 та шале типидаги ёғоч уй ва бир ресторан қуриб битказилади. Шунингдек, икки телескопда таъмирлаш ишлари якунланади. Сайёҳлар учун вертолёт саёҳатларини йўлга қўйиш мақсадида махсус вертолёт қўниш майдончаси ҳам барпо этилмоқда.
Денгиз сатҳидан 2 минг 700 метр баландликда жойлашган бу ҳудудда қурилиш ишлари қизғин паллага кирган. Айрим объектларда дастлабки натижалар аллақачон кўзга ташлана бошлаган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қамаши туманида экотуризм, зиёрат туризми ва гастротуризм йўналишларида ҳам улкан имкониятлар мавжуд. Маълумотларга кўра, 2024 йилнинг ўзида ҳудудга 1,5 минг нафар хорижий ва 24 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Майданакдаги мазкур лойиҳа туфайли келгусида хорижлик туристлар сони 10 мингга, маҳаллийлар сони эса 54 мингга етказилиши кутилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари