Бугунги кунда Навоий шаҳрида табиий газ истеъмолчилари сони 57 минг 173 тани ташкил этиб, улардан 55 минг 929 таси аҳоли абонентлари ҳисобланади.
Навоий шаҳар ҳудудидаги истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор таъминлаш, ундан самарали фойдаланиш ҳамда ортиқча йўқотишларнинг олдини олиш, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.


2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида 5,3 км газ қувурларини реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда ишлар якунланмоқда. Жумладан, Тараққиёт маҳалласидаги 2,8 километр ер ости газ қувурларини диаметри 100 ммли ер усти газ қувурларига алмаштириш ишлари якунига етказилмоқда. Олиб борилган реконструкция ишлари натижасида маҳалладаги 1200 та хонадонда табиий газ таъминоти янада яхшиланишига эришилади.
– Бундан ташқари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари доирасида икки дона газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланди, – дейди шаҳаргаз газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Бахтиёр Шаропов. – 206 дона газ тақсимлаш пунктлари техник тафтишдан ўтказилди. 160,8 километр ер ости газ қувурлари асбоблар ёрдамида текширилди. Қолаверса, 18 километр газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди.


Табиий газни иқтисод қилиш мақсадида ҳудуд бўйича жами 900 та аҳоли хонадонларидаги электрон газ ҳисоблаш ускуналарига регулятор ўрнатилди, газ таъминоти тизими уч босқичлидан икки босқичлига ўтказилди. Натижада жорий йилнинг ўзида 1650 та аҳоли хонадонида газ таъминотини кафолатли етказиб бериш имконияти яратилади.
Шу билан бирга маҳаллалар кесимида табиий газдан оқилона, хавфсиз фойдаланиш, энергия тежамкор газ ускуналаридан фойдаланиш юзасидан доимий тарғиботлар олиб борилмоқда. Тежамкор газ ускуналарининг афзалликлари кенг тушунтирилмоқда.
Шунингдек, табиий газ таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш ва юзага келадиган авария ҳолатларини бартараф қилиш учун 2 та махсус авария бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар керакли асбоб-ускуналар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган. Бу эса куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири