Мавсум бошланди
Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида ички туризм ярмаркаси ташкил этилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ўтказилган тадбирда сайёҳлик фирмалари, туризм соҳасида фаолият юритувчи туроператор ва турагентлар, жойлаштириш воситалари вакиллари ички туризм бўйича имкониятларини намойиш этди.
– Йилига 60 минг нафар маҳаллий ва хорижлик саёҳатчиларни юртимизнинг гўзал манзара ва масканлари билан таништирамиз, – дейди “BO’STON TRAVEL ” туристик компанияси иш бошқарувчиси Шаҳло Умарова. – Компаниямиз сайёҳлик, транспорт туризми, меҳмонхона, хориж мамлакатларига саёҳатлар ташкил этиш йўналишларида фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, хорижда юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш қилиб, Қозоғистон, Туркия, Саудия Арабистонидан сайёҳларни юртимизга жалб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бугунги ярмаркада ҳам йирик сайёҳлик фирмалари билан янги йўналишларни ташкил этишга келишиб олдик.
Ярмарка доирасида ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий либослар намойиш этилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари