“Тошкент шаҳар сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан жамиятнинг 2025 йилдаги фаолияти ҳамда 2026 йилга мўлжалланган режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда жамият раҳбарияти ва мутасаддилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Анжуманда ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ 1931 йилдан буён пойтахт аҳолиси ҳамда ташкилот ва корхоналарни ичимлик суви билан таъминлаб, оқова сув хизматларини кўрсатиб келмоқда.
2025 йилда жамият тасарруфидаги 7 та иншоотда 672 миллион куб метр ичимлик суви тозаланиб, 4 минг километрдан ортиқ тармоқлар орқали 771 мингдан зиёд истеъмолчига етказиб берилган. Шунингдек, 556 миллион куб метр оқова сув “Салар”, “Бўзсув” ва “Бектемир” тозалаш иншоотларида қабул қилиниб, меъёр талаблари асосида тозаланган.
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 47,7 километр ичимлик суви ҳамда 11,4 километр оқова сув тармоқлари капитал таъмирланди, – дейди “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ ахборот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжонов. – Шу билан бирга, сув ва оқова тармоқларида аниқланган 25 мингга яқин носозлик бартараф этилди.
Жамият маблағлари ҳисобидан 21,9 километр ичимлик сув тармоқлари янгиланиб, 490 та ёпқич алмаштирилди. Бу ишлар натижасида 35 минг нафар аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш ҳолати яхшиланди. Носозликларни тезкор бартараф этиш мақсадида махсус техника ва механизмлар харид қилинди.
[gallery-27148]
Шунингдек, Юнусобод туманидаги 5 та маҳаллада 11 километр оқова сув тармоқлари қурилиб, 4,1 минг нафар аҳоли марказлашган оқова сув хизмати билан қамраб олинди.
Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Жамиятнинг бош биноси ва сув иншоотларига ўрнатилган қуёш фотоэлектр панеллари орқали йилига 1 миллион киловатт/соатдан ортиқ электр энергияси тежалмоқда.
Франциянинг “SUEZ” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Янгиҳаёт туманида 50 мингдан ортиқ смарт сув ҳисоблагичлари ўрнатилди. Ушбу лойиҳа 2031 йилга қадар босқичма-босқич амалга оширилиб, истеъмол қилинаётган сув ҳажмини онлайн мониторинг қилиш имконини беради.
Қайд этилишича, ичимлик суви балансини шакллантириш мақсадида шаҳар тармоқларининг кириш ва чиқиш нуқталарига йирик сув ҳисоблагичлари ўрнатилиб, катта ҳажмдаги сув йўқотилишининг олди олинди.
Жорий йил январь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 98,6 фоизни, оқова сув хизматлари билан қамров эса 94 фоизни ташкил этмоқда.
Маълум қилинишича, 2026 йилда ичимлик ва оқова сув тармоқларини янгилаш, янги маҳаллаларни марказлашган тизимга улаш ҳамда насос агрегатларини энергия тежамкор ускуналарга алмаштириш ишлари давом эттирилади.
Матбуот анжуманида соҳага оид бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, ОАВ вакилларининг саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Нилуфар Бозорова, Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА