Масъулиятсизлик туфайли халқнинг ишончи йўқолади
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Ховос туманида ишларнинг боришини ўрганди. Айрим раҳбарларнинг ўз фаолиятига масъулиятсизлигини кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, давлат раҳбарлари ва мутасаддиларнинг асосий вазифаси халқ учун муносиб турмуш шароитлари яратишдир.
Ҳоким тумандаги 2-мактабгача таълим ташкилотида бўлганида бу ерда санитария талаблари бажарилмагани, ҳудудда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмагани, энг ачинарлиси, эса муассасанинг ички ҳолати аянчли экани ойдинлашди. Шу боис айрим раҳбарларнинг ўз лавозимига муносиблиги кўриб чиқилиши белгиланди.


Шундан сўнг ҳоким Тинчлик ва Дўстлик маҳаллаларидаги кўп қаватли уйларни кўздан кечирди. Фуқаролар билан очиқ мулоқотда коммунал хизматлар, уй-жой таъмири, инфратузилма муаммолари тилга олинди. “Аҳоли мурожаатлари – бу оддий шикоят эмас, балки ишончнинг мезони. Агар раҳбар одамларнинг овозини эшитмаса, у қандай раҳбар?” деди Турдимов.


Ўрганишлар жараёнида Ховос тумани ҳокими, бошқарув сервис компанияси ва қатор тармоқ ташкилотлари фаолияти қониқарсиз экани айтилди. Мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги жамоатчилик олдида очиқ танқид қилинди.


Ўрганиш натижасига кўра, икки маҳалладаги 8 та кўп қаватли уйнинг фасад қисмлари базальт қопламаси билан янгиланиши, пиёдалар йўлакчалари, автотураргоҳлар ва болалар майдончалари қурилиши белгиланди. Шунингдек, 6 та уйнинг том қисми капитал таъмирланади, коммуникация тармоқлари тартибга келтирилади.



Вилоят ҳокими томонидан белгиланган вазифалар ижроси бир ойдан сўнг қайта текширилади. Демак, бундан кейин масъуллар на фақат ҳокимлик, энг аввало, халқ олдида ҳисоб бериши лозим.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири