Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл-ҳаракати қоидаларига янги тизимларни жорий этиш борасида қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов юртимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларнинг сифатини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Аммо соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги, уларни ҳал этиш чораларини кўриш зарурлигини қайд этди.
Эшитувда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров соҳадаги ишлар ҳақида маъруза қилди:
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 11 февралдаги видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида бир қатор топшириқлар берган эди. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг 5 та устувор йўналиши белгилаб берилди. Бугун шулар асосида фаолият олиб борилмоқда. Таҳлилларга кўра, йўл ҳаракати ҳодисаларининг 50 фоизи йўловчиларнинг хатоси билан содир бўлмоқда. Шу боис ҳам йўловчиларнинг, ҳам ҳайдовчиларнинг масъулияти ва маданиятини ошириш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Йўл-ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этиш, соҳада юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, ҳар бир йўл-ҳаракати иштирокчиларининг қоидаларга қатъий амал қилишини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қиладиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда бир қатор янгиликлар ўз аксини топмоқда. Жумладан, ҳайдовчиларни жавобгарликка тортиш ва рағбатлантиришнинг замонавий тизимини жорий этиш бўйича ҳам нормалар белгиланмоқда, — деди Эрали Бозоров.
Эшитувда қайд этилганидек, 2021 йилда содир этилган 10 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 9 минг 230 киши жароҳат олган бўлса, 2 минг 426 киши бевақт ҳаётдан кўз юмган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 9 минг 902 тани ташкил этиб, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 9 минг 606 киши жароҳат олган, 2 минг 356 киши вафот этган. 2023 йилнинг ўтган 8 ойида эса содир этилган 5 минг 772 та йўл-транспорт ҳодислари оқибатида 5 минг 448 нафар киши тан жароҳати олган, 1 минг 415 киши ҳалок бўлган.
Йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаётини асраш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш муҳимлиги таъкидланди. Бу борада юқорида айтилган қонун лойиҳасини парламент қуйи палатасига киритиш муддатларига амал қилиш лозимлиги қайд этилди.
— Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш борасида қатор ишлар қилиняпти, — дейди депутат Дилмурод Исмоилов. — Хусусан, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига 9 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бундан ташқари, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2022-2023 йилларда тизим фаолиятини такомиллаштириш ва янги механизмларни жорий этишга қаратилган 5 та Президент қарори, 10 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Аммо кўрилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўламига қарамасдан йўл-транспорт ҳодисалари юқорилигича қолмоқда.
[gallery-14607]
Бугунги эшитувда йўл-транспорт ҳодисаларининг оқибати билан эмас, балки сабаблари билан курашиш, йўллар инфратузилмасини талаб даражасига етказиш, шунингдек, ҳукумат томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси муҳокамаларимиз марказида бўлди.
Лойиҳага кўра, эндиликда маст ҳолда транспорт бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда. Аммо жарималарни ошириш, жавобгарликни кучайтириш билан масалага ечим топиш қийин. Бу борада ҳайдовчи ва йўловчиларнинг маданиятини ошириш ва ЙҲТларни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этиш долзарб аҳамиятга эга.
Муҳтарама Комилова,
Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА