“Масофавий аудит” тизимидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда бюджет ташкилотлари раҳбар ва масъул ходимлари учун давлат аудити ва молиявий назорат фаолиятини янада такомиллаштиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Семинарда соҳада рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш, “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизимидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

“Вазиятлар марказлари”ни ташкил этиш орқали рискларни барвақт аниқлаш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишдаги шахсий жавобгарликни кучайтириш, давлат харидларида қонунчиликка риоя этиш ҳамда давлат дастурлари доирасида ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, инфратузилмавий лойиҳаларни белгиланган муддат ва сифатда амалга ошириш муҳим вазифалар сифатида таъкидланди.

Семинар якунида иштирокчиларга қонунбузилишларнинг олдини олиш ва бюджет интизомини мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА