Фарғона давлат университетида "Гендер тенгликка эришиш стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда хотин-қизларнинг роли" мавзусидаги Республика семинар-тренинги бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари олима аёллари, депутатлар, соҳага дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Халқ фаровонлигида жамият тинчлигида ҳамда иқтисодий барқарорликда эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги муҳим ўрин тутади. Тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида хотин-қизлар ва гендер тенглик масаласи ниҳоятда долзарб ва бу давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, жамиятда аёлларнинг сиёсат ва иқтисодиётга кенг жалб қилиниши туфайли гендер тенглиги борасида ўзгаришлар, силжишлар, ҳаттоки ютуқлар кўзга ташланмоқда.
Хусусан, хотин-қизларнинг таълим соҳаси ва илм-фандаги ўрнини кенгайтириш, келажакда уларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга янада кенг жалб этишга доимий эътибордаги масала ҳисобланади.
Фарғона давлат университетида мазкур йўналишда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бу ерда “Болажон” инновацион маркази ҳамда “Гендер тенглик масалалари тадқиқот маркази” ташкил этилиб, самарали фаолият кўрсатмоқда.

Семинар-тренингнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловлар видеоконференция шаклида қатнашиб, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ишлар хусусида сўз юритди.
– Илм-фан соҳасида муваффақиятга эришган машҳур ўзбек аёллари номи билан аталувчи стипендия жорий этиш ва уни тақдим этиш механизмларини ишлаб чиқиш орқали миллатнинг олима аёли имижини яратиб олсак, кўз ўнгимизда худди шундай қизлар шакллана бошлайди, – дейди Сенат Раиси.
Анжуманда гендер тенглигига эришиш стратегиясининг мазмун-моҳияти, таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлашда хотин-қизларнинг ўрни, уларнинг илм-фандаги фаоллигини ошириш каби вазифалар атрофлича таҳлил қилинди. Фарғона давлат университетида гендер тенглиги борасидаги илғор тажрибалар, илмий-тадқиқот ишлари билан танишилди.
М. Сулаймонов, ЎзА