Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ўз фаолиятини бошлаганига икки йил тўлди.
Шу муносабат билан марказда ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан яратилган тасвирий ва амалий санъат асарлари ҳамда қўл меҳнатида ишланган маҳсулотлардан иборат кўргазма-савдо ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг ижодий маҳорати, меҳнат ва етуклик билан тайёрланган буюмлари кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Шунингдек, қўл меҳнати маҳсулотларини харид қилиш имконияти ҳам яратилди, бу эса ижодкорларнинг моддий ва маънавий қўллаб-қувватланишига хизмат қилди.

Марказ директори Бунёд Мамарасуловнинг сўзларига кўра, шу икки йил ичида “Инсон” маркази 7 500 нафардан зиёд фуқарога ижтимоий хизматлар кўрсатган. Улар орасида психологик ёрдам, меҳнат терапияси ва касбга йўналтириш курслари ҳам бор.
— Бугунги кўргазма ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижодини жамоатчиликка намойиш этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда, — деди у.

Тадбир иштирокчиси Каромат Аҳмадқулова эса ўз ҳис-туйғуларини шундай баён қилди:
– Бу марказ орқали мен нафақат ижод қилиш, балки яқин дўстлар топиш имконига эга бўлдим. Ҳар бир сурат ва буюм ортида бизнинг меҳнатимиз ва умидларимиз ётади.

Марказнинг амалий натижалари ҳам катта таассурот қолдирди. Шу давр ичида 592 нафар ногирон шахс қайта кўрикдан ўтказилган ва улардан 276 нафарининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, 412 нафар шахс спорт ва реабилитация дастурларига жалб қилинган, 257 нафар ёлғиз кексалар тиббий-ижтимоий ёрдам олган, 2 019 та кам таъминланган ва ижтимоий ҳимоя реестридаги оилалар моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар билан қўллаб-қувватланган. Бундан ташқари, 56 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болалар васийлик, ҳамроҳлик ва патронат дастурлари ёрдамида қўллаб-қувватланган.

Марказ орқали шу давр ичида 461 та психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган, 343 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган шахсларга кўмак берилган. Шунингдек, 276 та оилага табиий газ ва электр энергия учун 4 млн 997 минг 400 сўм миқдорида компенсация тўлаб берилган.

– Бу борадаги ишлар давом этмоқда. Мақсадимиз ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга барча зарур хизматларни кўрсатишдан иборат. Чунки дунёда бундан ортиқ эзгу иш бўлмаса керак, – деди Бунёд Мамарасулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири