Марказий сайлов комиссиясининг онлайн мажлиси
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг раислари ва аъзолари иштирокида Марказий сайлов комиссиясининг кенгайтирилган онлайн мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг раислари ва аъзолари иштирокида Марказий сайлов комиссиясининг кенгайтирилган онлайн мажлиси бўлиб ўтди.Мажлисда халқаро кузатувчилар, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳам иштирок этди.
Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик миллий қонунчиликка, унда мустаҳкамлаб қўйилган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик тамойилларига тўла мувофиқ ҳолда амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини бажариш масалалари кўриб чиқилди. Дастур доирасида сайлов комиссиялари томонидан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ташкилий ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 9058 та сайлов участкаси, жумладан, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкалари овоз бериш учун зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган. Ҳар бир сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳақида ахборотлар мавжуд. Участка сайлов комиссиялари сайловчиларни овоз бериш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш ишларини амалга оширмоқда. Муддатидан олдин овоз бериш, шунингдек, сайлов куни сайлов участкасига келиш имконияти бўлмаган кекса сайловчилар ва ногиронларнинг яшаш жойида овоз беришини ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ сайлов комиссиялари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширмоқда. Сайлов комиссиялари фуқароларни сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қилади. Мажлисда сайлов комиссияларининг бу борадаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда МДҲ кузатувчилари миссиялари ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Улар сайлов комиссиялари иши билан яқиндан танишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов жараёнидаги барча тадбирларда, хусусан, ҳар бир сайлов участкасида овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқига эгадир. Уларнинг ишига зарур шарт-шароит яратиш сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Тадбирда видеоалоқа воситасида округ сайлов комиссияларининг аъзолари сайловни ташкил қилиш ва уни ўтказиш билан боғлиқ амалий масалалар юзасидан батафсил маълумотга эга бўлди.