Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Пойтахтимиздаги Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан Тошкент шаҳрида сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан амалга оширилган ишларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Сайлов – 2019
Пойтахтимиздаги Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан Тошкент шаҳрида сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан амалга оширилган ишларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Унда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши раиси, шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев Тошкент шаҳрида сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқовнинг сайлов участкаларининг алоқа воситалари билан таъминланганлиги юзасидан маълумоти тингланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиш натижалари муҳокама қилинди. Йиғилиш доирасида Халқаро матбуот маркази Бухоро вилояти бўлими вакилларининг сайлов жараёнига кўрилаётган тайёргарликка оид ишлари таҳлил этилди.
Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловини ўтказиш бўйича 12 та сайлов округи, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати сайловини ўтказиш бўйича 60 та, туманлар кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича 327 та сайлов округи тузилган. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идораларида тузилган 53 та сайлов участкаси Тошкент шаҳридаги сайлов округларига бириктирилган.
Ўрганишлар давомида ушбу округ сайлов комиссиялари биноларида ҳанузгача интернет алоқаси ишламаслиги, участка сайлов комиссиялари учун ажратилган 46 та бинода таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги, улар учун алоҳида бино ажратиш зарурлиги, комиссия аъзолари сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими бўйича ўқув машғулотларида иштирок этмаганлиги аниқланган.
Сергели, Учтепа, Яшнободдан ташқари қолган халқ депутатлари туманлар кенгашларининг сессиялари қарорлари ҳанузгача Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш бўйича тузилган округ сайлов комиссияларига тўла тақдим этилмаган.
Сайлов куни овоз бериш учун келган юртдошларимиз Сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими (СЖБАТ) операторларига мурожаат қилади. Сайлов бюллетенини олиб, овоз бериш кабинасида ўз номзодини қўллаб-қувватлайди. Натижада бир вақтнинг ўзида, сайловда иштирок этганларнинг тўлиқ рўйхати автоматик тарзда шакллантирилади. Бу бир шахснинг бир неча маротаба овоз бериши ёки бир кишининг бутун оила аъзолари учун овоз беришининг олдини олиш имконини беради.
Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиш натижалари ҳам эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 40- ва 72-моддасига мувофиқ, барча партиялар 150 нафардан депутатликка номзодининг ҳужжатларини тақдим этган.
Халқаро матбуот маркази Бухоро вилояти бўлими вакиллари ҳам сайлов жараёнига кўрилаётган тайёргарлик юзасидан маълумотларни тақдим этди.
Тадбирда шу вақтга қадар МСКдан аккредитациядан ўтган журналистларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.