Марказий Осиё янгиликлари
Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 770 дан ортиқ хорижий кузатувчи қурултой сайлови учун аккредитациядан ўтган.
МСК 23 август куни Қозоғистон Қурултой сайлови учун хорижий кузатувчиларни аккредитациядан ўтказишни якунлайди.
Сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда МСК котиби Мухтар Ерман хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг жами 777 вакили махсус рўйхатдан ўтганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур йирик тадбирда 42 давлат, 13 халқаро ташкилотдан вакиллар иштирок этади. Кузатувчилар орасида 41 мамлакатдан 138 нафар парламент аъзоси бор.
***
Туркманистоннинг Киевдаги элчиси Тойли Атаев Украина Савдо-саноат палатаси раҳбари Геннадий Чижиков билан учрашди. Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи, саноат, транспорт-логистика, қурилиш ва замонавий технология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини муҳокама қилишди.
Мулоқот давомида ўзаро савдони янада ривожлантириш ҳамда Туркманистон ва Украина компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар икки давлат бизнес ҳамжамиятлари ўртасида ишчи алоқани давом эттириш ҳамда шерикликни ривожлантиришдан манфаатдорликларини тасдиқладилар.
***
Тожикистон ҳукумати бошқа мамлакатлардан нефть маҳсулотлари импорти камайиши асносида Эрондан 2,5 миллион тонна ёнилғи сўради: 2 миллион тонна нефть, 150 000 тонна бензин, 300 00 тонна дизель ва 100 000 тонна реактив ёнилғи. Сўралган маҳсулотни ташиш учун 51 000 цистерна керак бўлади.
Хабар қилинишича, 15 август куни Теҳронда Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим ва Эрон йўл ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Томонлар Ислом Республикасидан Тожикистонга нефть маҳсулотлари ва нефть етказиб бериш масаласини муҳокама қилган.
Шунингдек, Эрондан имтиёзли транзитни таъминлаш, Чобаҳор портида логистика маркази яратишни қўллаб-қувватлаш ва бошқа логистика масалаларини ҳал қилиш сўралган.
***
Қирғизистон фаолияти санкция хавфи ортиши билан боғлиқлиги эҳтимоли бор 40 компаниядан 19 тасини тугата бошлади. Мамлакат Иқтисодиёт вазирлиги хабар беришича, қарор идоралар аро текширувдан сўнг қабул қилинди.
Дарвоқе, давлат банклари ҳам ички назоратни кучайтирмоқда. Масалан, “Элдик Банк” тахминан 109 корхона билан муносабатни чеклаб, яна 20 компания ҳисоб рақамини ёпиш арафасида. “АБАНК” эса тахминан 35 жамоа билан ишлашни тўхтатди. Жами 40 та корхона тергов остида.
***
Қирғизистон ва Хитой Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидан ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб беришни тезлаштиришга келишиб олдилар.
Келишувга Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Эрлист Акунбеков ва ХХР Коммунистик партияси қўмитаси котиби Чэнь Сяоцзян учрашувида эришилди.

Томонлар жаҳон нефть бозоридаги беқарор вазият шароитида Қирғизистонга барқарор ёнилғи етказиб бериш зарурлигини таъкидладилар.
Қирғизистондаги нефть ва газ конларини биргаликда қидириш ва ривожлантириш, нефтни қайта ишлаш заводлари қуриш, маҳсулотни сақлаш, транзит қилиш ва қайта юклаш учун чегара инфратузилмасини яратиш режаси ҳам муҳокама қилинди.
***
Қозоғистон Каспий нефть ва газ иншоотларида терроризмга қарши ҳимояни кучайтиради
Маълумотга кўра, тегишли ўзгартирилган буйруқ мамлакат энергетика вазири Эрлан Аккенженов томонидан имзоланган.
Энди Каспий денгизининг Қозоғистон секторидаги иншоотлар эгалари ёки менежерлари илтимосга биноан денгиз терроризмга қарши кураш бўйича махсус гуруҳ учун жой ажратиши шарт.

Манзилда вертолёт майдончаси ҳозирланиши, денгиздаги ишлаб чиқариш иншооти билан оралиқ масофа 23 километрдан ошмаслиги керак. Жой 10 кишини сиғдира олиши зарур. Махсус гуруҳ мобил денгиз активига жойлаштирилиши мумкин.
Нефть ва газ компаниялари томонидан қопланадиган харажат рўйхати ва ҳажми ўзаро келишув асосида белгиланади.
Ҳужжат 17 октябрдан кучга кириши маълум қилинди.
Саидмурод Раҳимов тайёрлади. ЎзА