Марказий Осиё ялпи ички маҳсулоти икки баравар ўсди
Пандемиядан кейинги тикланиш, барқарор иқтисодий ўсиш ва таркибий ўзгаришлар
2021-2025 йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва иқтисодиёти барқарорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширди. Бу пандемиядан кейинги тикланиш, барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш ҳамда минтақа мамлакатлари иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришларда ўз аксини топди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шўъба мудири Руслан Абатуров ЯИМнинг ишлаб чиқариш усули бўйича динамикаси ва таркибий ўзгаришларини Жаҳон банкининг Жаҳон тараққиёти кўрсаткичлари асосида таҳлил қилиб берди:
– Кўриб чиқилаётган даврда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати жами ЯИМи доллар ҳисобида номинал жиҳатдан қарийб икки бараварга ошиб, 2020 йилдаги 285 млрд. доллардан 2025 йилда 543 млрд. долларга етди. Асосий ўсиш Қозоғистон – 135 млрд. доллар ва Ўзбекистон – 77 млрд. доллар ҳиссасига тўғри келиб, улар биргаликда минтақавий ўсишнинг 82 фоизини таъминлади.
Минтақа ЯИМининг мамлакатлар кесимидаги таркибида Қозоғистон энг катта улушга эга бўлиб, унинг ҳиссаси 60 фоиздан 56 фоизга камайди. Ўзбекистоннинг улуши 24,6 фоиздан 27,1 фоизга, Қирғизистонники 2,9% фоиздан 4,2 фоизга, Тожикистонники 2,9 фоиздан 3,3 фоизга ошди. Туркманистоннинг улуши эса 9,6 фоиздан 9,2 фоизга камайди.

Минтақанинг энг йирик иқтисодиёти Қозоғистон бўлиб қолмоқда. Мамлакат ЯИМи 5 йил давомида 171 млрд. доллардан 306 млрд. долларга ошди. Ўртача йиллик реал ўсиш 4,8 фоизни ташкил этиб, минтақа мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткич бўлди. Шу сабабли Қозоғистоннинг минтақа иқтисодиётидаги улуши камайди.

Қозоғистон ЯИМи таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши 5,4 фоиздан 3,7 фоизга (−1,6 ф.б.), саноат ва қурилишнинг улуши эса 33,1 фоиздан 32,3 фоизга (−0,8 ф.б.) камайди. Шу билан бирга, хизматлар соҳасининг улуши 56,1 фоиздан 57,7 фоизга (+1,6 ф.б.) ошди. Қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматнинг ўртача йиллик реал ўсиши 3,5 фоизни, саноат ва қурилишда 5,5 фоизни, хизматлар соҳасида 4,4 фоизни ташкил этди.
Қирғизистон ЯИМи 8,3 млрд. доллардан 22,6 млрд. долларга етди. Ўртача йиллик реал ўсиш 9,2 фоизни ташкил этиб, минтақа мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич бўлди. 2021 йилдан кейин иқтисодий ўсиш тезлашиб, 2022-2023 йилларда реал ЯИМ ўсиши йилига қарийб 9 фоизни, 2024-2025 йилларда эса 11 фоиздан ортиқни ташкил этди.
Қирғизистон иқтисодиёти таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши 12,2 фоиздан 8,0 фоизга (−4,2 ф.б.) камайди. Саноат ва қурилишнинг улуши деярли ўзгармай, 26,9 фоиздан 26,5 фоизга (−0,4 ф.б.) тушди, хизматлар соҳасининг улуши эса 50,7 фоиздан 51,2 фоизга (+0,5 ф.б.) ошди. Қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматнинг ўртача йиллик реал ўсиши 2,3 фоизни, саноат ва қурилишда 10,5 фоизни, хизматлар соҳасида 8,5 фоизни ташкил этди.
Тожикистон иқтисодиёти ҳажми 8,1 млрд. доллардан 17,7 млрд. долларга етди, ўртача йиллик реал ўсиш 8,5 фоизни ташкил этди. ЯИМ таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши деярли ўзгармай, 22,7 фоиздан 22,9 фоизга (+0,2 ф.б.) ошди. Саноат ва қурилишнинг улуши 33,8 фоиздан 32,2 фоизга (−1,6 ф.б.) камайган бўлса, хизматлар соҳасининг улуши 35,3 фоиздан 38,0 фоизга (+2,7 ф.б.) ошди. Қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматнинг ўртача йиллик реал ўсиши 1,2 фоизни, саноат ва қурилишда 10 фоизни, хизматлар соҳасида 9,7 фоизни ташкил этди. Тармоқлар бўйича ўртача йиллик ўсиш суръатлари 2021-2024 йиллар учун келтирилган.
Туркманистон ЯИМи 2021-2025 йилларда 27,4 млрд. доллардан 49,8 млрд. долларга етди, ўртача йиллик реал ўсиш 6,3 фоизни ташкил этди. Иқтисодиётда қишлоқ хўжалигининг улуши 11,6 фоиздан 12,4 фоизга (+0,8 ф.б.) ошди, саноат ва қурилишнинг улуши эса 36,9 фоиздан 36,0 фоизга (−0,9 ф.б.) камайди. Хизматлар соҳасининг улуши 48,6 фоиздан 48,9 фоизга (+0,2 ф.б.) ошди. Қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматнинг ўртача йиллик реал ўсиши 5,7 фоизни, саноат ва қурилишда 5,1 фоизни, хизматлар соҳасида 11,3 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 70,1 млрд. доллардан 147 млрд. долларга етди, ўртача йиллик реал ўсиш 7 фоизни ташкил этди. Кўриб чиқилаётган даврда иқтисодиёт таркибида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Қишлоқ хўжалигининг улуши 21,6 фоиздан 16,6 фоизга (−5,0 ф.б.) камайди, ушбу секторда ўртача йиллик реал ўсиш 3,9 фоизни ташкил этди. Саноат ва қурилишнинг улуши 33,4 фоиздан 32,5 фоизга (−0,8 ф.б.) тушди, ўртача йиллик ўсиш эса 7,2 фоиз бўлди. Хизматлар соҳасининг улуши 38,7 фоиздан 46,5 фоизга (+7,7 ф.б.) ошди ва ушбу соҳада энг юқори ўртача йиллик ўсиш суръати – 8,7 фоиз қайд этилди.

Умуман, 2021-2025 йилларда минтақа мамлакатлари учун ЯИМнинг ўсиши, саноат ва қурилишда қўшилган қийматнинг қишлоқ хўжалигига нисбатан юқори суръатларда ўсиши, хизматлар соҳасининг иқтисодиётда устун мавқени сақлаши ва унинг ЯИМ таркибидаги улуши ошиши умумий тенденциялар бўлди.
2021-2025 йилларда минтақа ЯИМининг тармоқ таркибида хизматлар соҳасининг улуши 50,4 фоиздан 53 фоизга (+2,6 ф.б.) ошди, қишлоқ хўжалигининг улуши 10,7 фоиздан 8,8 фоизга, саноат ва қурилишнинг улуши эса 33,4 фоиздан 32,5 фоизга камайди.

Минтақада қишлоқ хўжалиги улушининг қисқариши асосан йирик иқтисодиётлар – Ўзбекистон ва Қозоғистондаги таркибий ўзгаришлар, шунингдек, Қирғизистонда аграр сектор улушининг сезиларли камайиши ҳисобига юз берди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат ҳажми барча бешта мамлакатда ўсди. Демак, қишлоқ хўжалиги улушининг камайиши сектордаги пасайиш билан эмас, балки унинг бошқа тармоқларга нисбатан секинроқ ўсиши билан изоҳланади. Хусусан, барча мамлакатларда саноат ва қурилишдаги реал қўшилган қиймат қишлоқ хўжалигига нисбатан тезроқ ўсди.
Оралиқ йиллар кўрсаткичларини таққослаш барқарор ва қайтар хусусиятга эга ўзгаришларни ажратиш имконини беради. Ўзбекистонда хизматлар соҳаси улушининг ошиши ва аграр сектор салмоғининг камайиши деярли ҳар йили кузатилди. Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги улушининг қисқариши энг изчил жараён бўлди. Қозоғистон ва Туркманистонда хизматлар соҳасининг улуши дастлаб камайиб, кейин яна ўсди ва 2025 йилга келиб 2020 йил даражасидан юқори бўлди. Тожикистонда 2021 йилдан кейин хизматлар соҳасининг улуши ошиб борди, қишлоқ хўжалиги эса иқтисодиётдаги аввалги салмоғи ва аҳамиятини сақлаб қолди.
Умуман, минтақанинг бешта мамлакати учун ягона таркибий ўзгариш модели кузатилмади. Қозоғистон ушбу даврни хизматлар соҳасининг юқори улуши билан бошлади ва кейинги йилларда бу кўрсаткич мўътадил ўсди. Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг иқтисодиётдаги улуши сезиларли ошди, аграр сектор улуши эса камайди. Қирғизистонда қишлоқ хўжалигининг улуши кескин қисқарди, айни пайтда саноатда юқори реал ўсиш кузатилди. Тожикистон иқтисодиётида аграр секторнинг юқори улуши сақланиб қолди, Туркманистонда эса асосий тармоқлар улуши нисбатан барқарор бўлди.
Якуний натижалар кўриб чиқилаётган беш йил давомида минтақа мамлакатларининг барчасида иқтисодий ўсиш барқарор сақланганини кўрсатади. Минтақа иқтисодиёти таркибида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг нисбий улуши ошди, Қозоғистон эса ҳамон Марказий Осиё жами ЯИМининг ярмидан кўпини таъминламоқда. Тармоқлар кесимида энг барқарор умумий тенденция хизматлар соҳаси улушининг ошишида намоён бўлди. Бу Марказий Осиё иқтисодиётида тармоқлар таркиби диверсификациялашиб, хизматлар соҳасининг иқтисодий аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
ЎзА мухбири Моҳигул Қосимова ёзиб олди.