Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё стратегик жойлашуви ва бошқа имкониятлари туфайли доимо халқаро жамоатчилик диққат марказида бўлиб келган. Шу маънода, минтақада юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.
Қирғизистон: Ташиевнинг иши судга оширилди

Қирғиз Республикаси Бош прокуратураси мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича айблов хулосасини тасдиқлади.
Қ.Ташиевнинг адвокати Икрамидин Айтқуловнинг сўзларига кўра, иш Бишкекнинг Первомайский туман судига ўтказилган. Таъкидланишича, у ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга уринганликда айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 февраль куни Қамчибек Ташиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари алмаштирилганидан кейин раиснинг уч ўринбосари ҳам ўз лавозимидан бўшатилган эди.
Қозоғистонда кўмир қазиб олиш ҳажми ортмоқда

2025 йил охирига келиб Қозоғистонда кўмир қазиб олиш 115 миллион тоннани ташкил этди, бу 2024 йилга нисбатан 7 фоизга кўп. Ички истеъмол ва коммунал эҳтиёжлар 85 миллион тонна, экспорт эса 30 миллион тоннани ташкил этди.
Ўлканинг кўмир бўйича асосий экспорт йўналишлари Россия, Польша, Ўзбекистон, Туркия, Ҳиндистон, Малайзия ва бошқа мамлакатлардир.
Таъкидланишича, жорий йилда мамлакатда кўмир қазиб олиш 128,9 миллион тоннага етиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида: Қозоғистон кўмир заҳиралари бўйича дунёда 10-ўринда туради ва жами заҳиралар 33,6 миллиард тоннани ташкил этади.
Тожикистон Мудофаа саноати қўмитаси фаолиятини қайта тиклади

Қарийб 24 йилдан сўнг Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Мудофаа саноати қўмитаси қайта ташкил этилди. Тегишли фармонни ўлка президенти Имомали Раҳмон имзолади.
Ҳужжатга кўра, қўмита марказий аппаратида ходимларнинг максимал сони техник ходимларни ҳисобга олмаганда 38 нафарни ташкил этади. Ҳарбий хизматчилар учун саккизта лавозим белгиланган.
Мамлакат Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат ташкилотига қўмитани маъмурий бино билан таъминлаш, Молия вазирлигига эса республика бюджетидан маблағ ажратиш вазифаси юклатилди.
Маълумот ўрнида: Тожикистонда Мудофаа саноати қўмитаси 1997 йилда ташкил этилган, аммо 2002 йилда тугатилиб, унинг вазифалари Саноат вазирлигига ўтган.
ХХР етакчиси Туркманистонга ташриф буюради

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ашхободга ташриф буюриш таклифини қабул қилди, деб хабар бермоқда “TDH” ахборот агентлиги.
– Таклифингиз учун миннатдорлик билдираман ва Туркманистонга қулай вақтда ташриф буюришни интиқлик билан кутаман, -деб ёзган Си Цзиньпин Туркманистон президентига йўллаган мактубида.
Шунингдек, у Хитойнинг Туркманистон билан “ҳамкорликнинг янги даврини бошлаш, стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш”дан манфаатдор эканини таъкидлаган.
Гўзал Сатторова, ЎзА