Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё стратегик жойлашуви ва бошқа имкониятлари туфайли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу маънода минтақада юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.
Қирғизистонда давлат мадҳиясини ўзгартириш бўйича комиссия тузилди

Қирғиз Республикасида давлат мадҳияси матни ва мусиқасининг янги талқини лойиҳаларини танлаш бўйича идоралараро комиссия тузилди, деб хабар бермоқда “Kazinform” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, давлат котиби Арслан Қўйчиев бошчилигидаги комиссия таркибига парламент аъзолари, академиклар, маданият арбоблари, филологлар, мусиқашунослар ва бастакорлар кирган.
Талабларга кўра, янги мадҳия юксак ифодали, тантанали, ватанпарварлик ва ҳиссиётларга бой, эсда қоладиган даражада бўлиши керак. Мусиқий композицияда мамлакатнинг тарихий мероси, бой маданий анъаналари ва эришган ютуқлари, қирғиз халқининг миллий бирлиги, Ватанга муҳаббати акс этиши керак.
2026 йил 1 июнгача мадҳиянинг танланган учта варианти Жогорку Кенешга кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида Жогорку Кенеш собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли Қирғизистон мадҳиясини ўзгартириш ташаббуси билан чиққан эди. Кейинроқ ўлка президенти Садир Жапаров ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
2025 йил февраль ойида янги давлат мадҳиясини яратиш бўйича танлов эълон қилинди. Мусиқий таклифларни қабул қилишнинг охирги муддати ўтган йилнинг 8 сентябри эди. Шу йилнинг январь ойида парламент аъзолари таклиф қилинган учта вариантни рад этишди.
Эмомали Раҳмон: Сув танқислиги ва музликларнинг эриши минтақага таҳдид солмоқда

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Остонада бўлиб ўтган иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш бўйича минтақавий саммитда сўзга чиқиб, асосий экологик таҳдидларни айтиб ўтди ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
У ўз нутқида иқлим ўзгариши, музликларнинг тез эриши, сув танқислигининг кучайиши минтақа ва бутун дунё мамлакатлари учун жиддий муаммоларга айланиб бораётганини таъкидлади.
Президент Тожикистон музликларни муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш ва барқарор ривожланишга қаратилган экологик дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ташаббусларни амалга оширишда давом этишини таъкидлади.
Шунингдек, у иқлимни молиялаштириш, яшил технологияларни жорий этиш ва кам углеродли иқтисодиётга ўтиш, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро қўллаб-қувватлов муҳимлигини таъкидлади.
Туркманистонда туркман оти миллий куни нишонланди

Туркманистонда туркман оти миллий куни маданий анъаналар, миллий ғурур ва ўзига хослик рамзи ҳисобланган машҳур Ахалтеке от зотига чуқур тарихий ҳурматни ўзида мужассам этган маросимлар билан нишонланди.
Асосий тантаналар Ашхобод от спорти марказида бўлиб ўтди. Унда ўлка президенти Сердар Бердимуҳамедов, юқори мартабали амалдорлар, хорижий дипломатлар ва от ихлосмандлари иштирок этишди. Тадбирда нафақат мазкур от зоти ҳақида, балки мамлакатнинг қадимий анъаналарни сақлаб қолган ҳолда отчилик соҳасини модернизация қилиш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлари ҳам алоҳида таъкидланди.
Туркман маданиятида кўпинча "самовий" ёки "қанотли" от деб аталадиган Ахалтеке оти марказий ўринни эгаллайди. Туркманистонда бу шунчаки от тури эмас, балки шеърият, ҳунармандчилик ва миллий ўзига хослик билан чамбарчас боғлиқ бўлган маданий тимсолдир.
Қозоғистон транзит юк ташиш ҳажмини 55 миллион тоннага етказишни режалаштирмоқда

Қозоғистон жорий йилда транзит юк ташиш ҳажмини 55 миллион тоннага етказишни режалаштирмоқда.
Мамлакат Транспорт вазирлиги хабар беришича, жойлардан ташқарида ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича ҳукуматнинг мазкур кўрсаткичга эришиш бўйича кўрсатмасининг бажарилишини таъминлаш хусусида махсус кўрсатмалар берилган.
Г.Сатторова, ЎзА