Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари мутахассислари ўртасида тажриба алмашинуви кенгаймоқда
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Лунд университети томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Европанинг 30 дан ортиқ етакчи олий таълим муассасалари, таҳлил марказлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари иштирокида қўшма лойиҳа доирасида халқаро семинар ташкил этилди.
Халқаро тадбирда Германия, Буюк Британия, Швеция, Чехия Республикаси, Латвия, Япония ҳамда Марказий Осиё давлатларидан таҳлил марказлари ва академик ҳамжамиятлар вакиллари ва экспертлар иштирок этди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнида жамоатчилик иштироки ва таҳлилий марказларнинг ўрни” мавзусида маъруза билан иштирок этди. Маърузада мамлакатимизда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, таҳлилий марказларнинг давлат, жамият ва эксперт ҳамжамияти ўртасидаги муҳим кўприк сифатидаги ўрни ҳақида фикр юритди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда ислоҳотлар жараёни тобора кўпроқ далилларга асосланган, жамоатчилик иштирокига таянган ва натижага йўналтирилган ёндашувлар асосида ривожланиб бормоқда. Бу эса жамоатчилик фикрини эшитиш, уни таҳлил қилиш ва амалий қарорларга татбиқ этиш механизмларини янада мустаҳкамлашни талаб этади. Шу жиҳатдан, мазкур жараёнда халқаро мулоқот ва тажриба алмашув платформалари ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбирда давомида Марказ бўлиб бошлиғи Фаррух Ҳакимов “Рақамли Ўзбекистон – 2030” ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиялари доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари ҳақида тақдимот қилди.
Халқаро тадбирда Лунд университетининг Ҳуқуқ социологияси кафедраси доценти ва “POLCA” лойиҳасининг бош координатори Рустамжон Ўринбоев ҳамда лойиҳанинг иштирокчи ташкилотларидан вакиллар қўшма тадқиқот лойиҳасининг долзарблиги, аҳамияти ва унинг доирасида амалга оширилаётган илмий ишлар, таклифлар ва ташаббуслар ислоҳотларга катта ҳисса қўшишини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, бундай халқаро семинарлар қўшни давлатлар ва Европанинг етакчи таҳлил марказлари ҳамда академик муассасалари билан тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
“Тараққиёт стратегияси” маркази делегациясининг Истанбул шаҳрига амалга оширган ташрифи доирасида Марказнинг доимий ва фаол ҳамкорлари билан учрашувлар ташкил қилинди. Жумладан, Марказ ижрочи директори Элдор Туляков Истанбул Сабаҳаттин Заим университети ректори, профессор доктор Исмоил Кичик ҳамда Бируни университети ректори, профессор доктор А. Юксел билан учрашувлар ўтказди.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган мазкур учрашувларда томонлар истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашди. Суҳбат давомида академик, таҳлилий ва институционал алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришнинг амалий механизмлари юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Ташриф доирасида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан Истанбул Сабаҳаттин Заим университети ҳамда Бируни университети ўртасида Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА