Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Марказий Осиё мамлакатларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: болалар ҳуқуқлари бўйича вакилларнинг минтақавий ҳамкорлиги” мавзусидаги биринчи халқаро форум иштирокчилари Самарқандга келди.

Меҳмонлар кўҳна кент билан танишувни Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Шундан сўнг Регистон майдони, Бибихоним масжиди ҳамда Самарқанднинг бошқа тарихий обидаларида бўлиб, юртимиз маданий мероси иншоотлари билан танишди.
Ташриф дастурига кўра, меҳмонлар Самарқанд шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилган форумдан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё мамлакатлари болалар омбудсманларининг мулоқоти ва ўзаро ҳамкорлиги учун самарали минтақавий платформа яратишдир.

Марказий Осиё давлатлари болалар омбудсманларининг навбатдаги форуми 2026 йилда Қозоғистонда ўтказилади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари