Марказий Осиё Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги тизимидаги ўз мавқеини мустаҳкамламоқда
Шанхай шаҳрида 2026 йил 12–13 ноябрь кунлари Шанхай хорижий тиллар университети ҳамда Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академияси томонидан ташкил этилган “Жаҳондаги тартибсизлик шароитида Европа тадқиқотлари: янги динамика ва янги истиқболлар” мавзусидаги халқаро форум бўлиб ўтди.
Унда халқаро иқтисодий муносабатларнинг трансформацияси, Евросиёда ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш кооперацияси, “яшил” ва рақамли модернизация масалалари муҳокама қилинди.
“Евросиё иқтисодиёти, жамияти ва маданияти” мавзусидаги сессияда СМТИ директори ўринбосари Бахтиёр Мустафаев маъруза билан иштирок этди. У глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё транзит ҳудудидан аста-секин Евросиё ишлаб чиқариш ва логистика занжирларининг мустақил иштирокчисига айланиб бораётганини таъкидлади.
Экспертнинг фикрича, минтақавий ҳамкорликдаги янги ўзгаришлар Хитой ва Евросиёдаги бошқа ҳамкорлар билан алоқаларни чуқурлаштириш учун қулай шароит яратмоқда. Бунда ўзаро савдо ҳажмини оширишдан қўшма инвестицияларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва технологиялар алмашинувига ўтиш муҳимдир.
Шу муносабат билан Б.Мустафаев иқтисодий кооперациянинг устувор йўналишларини ажратиб кўрсатди.

Биринчидан, транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш. Евросиё бозорлари ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш ва саноат алоқалари учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қиладиган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши алоҳида аҳамиятга эга. Шу билан бирга, божхона тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва логистикани рақамлаштириш зарур.
Иккинчидан, минтақавий қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш. СМТИ вакилининг баҳолашича, Марказий Осиё мамлакатлари учун хомашёга асосланган моделдан қўшма ишлаб чиқаришга ўтиш муҳимдир. Бу, аввало, критик минералларни қайта ишлаш, электротехника, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда қайта тикланувчи энергетика учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш соҳаларига тааллуқлидир. Бунда минтақа давлатларининг саноатда бир-бирини тўлдирувчи ихтисослашувини ривожлантириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Учинчидан, “яшил” ва рақамли модернизацияни биргаликда амалга ошириш. Шу нуқтаи назардан, эксперт циркуляр иқтисодиётни Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши сифатида ажратиб кўрсатди.
У Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантириш учун, жумладан, Хитой технологик компаниялари иштирокида асос яратилаётганини қайд этди. Шу билан бирга, миллий бозорлар ҳажмининг чекланганлиги минтақанинг ҳар бир мамлакатида мураккаб таркибли чиқиндиларни қайта ишлашнинг тўлиқ циклини йўлга қўйишни қийинлаштирмоқда.
Бундай шароитда мамлакатларнинг иккиламчи хомашёни йиғиш, саралаш ва чуқур қайта ишлашга ихтисослашувини назарда тутувчи трансчегаравий қайта ишлаш занжирларини шакллантириш истиқболли ечим ҳисобланади. Бундай ёндашув, айниқса, ишлатиб бўлинган аккумуляторлар, электрон ускуналар ва қуёш панеллари учун долзарбдир.
Б. Мустафаев инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, қўшма таълим дастурлари, муҳандислик йўналишидаги стажировкалар ва амалий тадқиқотларнинг муҳимлигини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, эксперт Евросиё ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш бўйича қўшма кун тартибини шакллантириш, “яшил” саноат ва циркуляр иқтисодиёт соҳаларида тажриба-синов лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, рақамли логистика ва замонавий саноат технологиялари бўйича мутахассислар тайёрлаш дастурларини кучайтиришни таклиф этди.
ЎзА