Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Марказий лабораторияси аккредитация мезонлари ва “O’z DSt ISO/IEC 17025-2019” талабларига мувофиқлик бўйича аккредитациядан ўтказилди. Aккредитация “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК мутахассислари томонидан амалга оширилди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, нефть маҳсулотлари сифат кўрсаткичлари мониторинги жараёнида қабул қилиш, топшириш ва даврий синовларни ўтказиш учун завод марказий таҳлилхонасининг кадрлар малакаси ҳамда техник жиҳозланишини текширишдан иборат.
Лаборатория аккредитацияси доирасига нефть маҳсулотларининг 58 та сифат кўрсаткичи, жумладан, зичлиги, фракцион таркиби, ёниш нуқтаси, олтингугурт ва сувнинг масса улуши, кинематик қовушқоқлик, коксланиш, филтьрланишнинг чегаравий ҳарорати ва бошқаларни аниқлаш киради.
Завод лабораториясида қабул қилиш, топшириш ва назорат қилиш, хроматографик усулларда синовлар ўтказиш ва арбитраж намуналарини сақлаш учун ихтисослаштирилган хоналар мавжуд. Бино микроиқлимини меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ва саноат хавфсизлиги стандартларига мувофиқ сақлаш учун ташқаридан ҳавони ҳайдаш, сўриб олиш, кондиционерлаш замонавий тизимлари билан жиҳозланган. Омборлар нефть маҳсулотлари, реагентлар, материаллар ва тез ёнувчи суюқликларнинг стандарт намуналарини сақлашга мўлжаллаб жиҳозланган.
Ҳужжатларни баҳолаш натижалари марказий лабораториянинг амалдаги аккредитация мезонларига тўлиқ мувофиқлигини кўрсатди. Мутахассислар лаборатория ходимларининг етарли тажрибага эга эканлигини, синов усуллари ва уларнинг натижаларини қайта ишлаш бўйича меъёрий ҳужжатларни билишини тасдиқлади. Завод марказий лабораториясининг аккредитация қилинганлиги тўғрисидаги маълумот Aккредитацияланган лабораториялар реестрига киритилди.
“O’z DSt ISO/IEC 17025-2019” “Синов ва калибрлаш лабораторияларининг ваколатига умумий талаблар”га мувофиқлик учун аккредитация сертификати, завод лабораториясининг нефть маҳсулотлари бўйича аккредитация соҳасидаги барча сифат кўрсаткичлари бўйича синов ўтказиш ваколатини тасдиқлайди.
Зариф Комилов, ЎзА