Марказий физика-кимёвий лабораториясининг бўлинмаси иш бошлади
Навоий кон-металлургия комбинатининг Шимолий кон бошқармасида маъдан таркибидаги қимматбаҳо металларни аниқлашга мўлжалланган геологик намуналар таҳлили Марказий физика-кимёвий лабораториясида амалга оширилмоқда.
Ҳозирги вақтда “Қоқпатас” ва “Турбай” конларидан қазиб олинаётган ишланиши мураккаб бўлган маъданларнинг геологик намуналари таҳлилини ўтказиш эҳтиёжи ортиб бормоқда. Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида “Шарқий” кони ҳудудида Марказий физика-кимёвий лабораториясининг бўлинмаси иш бошлади.

– Физика-кимёвий таҳлил геологик намунадаги олтин ва кумуш каби қимматбаҳо металлар мавжудлигини аниқлайди, – дейди Марказий физика-кимёвий лабораторияси бошлиғи Алишер Ботиров. – Лабораториямиз бўлинмасида таҳлилларни тезкорлик билан олиб бориш, хомашё сифатини баҳолаш имкони мавжуд. Ушбу бўлинма бир суткада 300 дан ортиқ геологик намунани қисқа муддатда таҳлил қилиш қувватига эга. Лаборатория бўлинмаси иш бошлаши натижасида 30 га яқин ишчи ўрни яратилди.

Ушбу бўлинма учун бино Шимолий кон бошқармаси томонидан реконструкция қилиниб, зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу объект ер қаъридан олинган намуналарни тез, аниқ ва ишончли таҳлил қилишда муҳим аҳамиятга эга.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири