Марказий банк сўрови: 1,5 миллион сўм топиш кимларга қийин?
Ўзбекистон Марказий банки томонидан ўтказилган молиявий оммабоплик бўйича миллий сўровнома аҳолининг молиявий барқарорлиги ва фавқулодда вазиятларда маблағ топиш имкониятлари ҳақида қизиқарли маълумотларни очиқлади. Тадқиқотда мамлакатнинг турли ҳудудларидан 1200 нафар респондент иштирок этди.
Сўровнома доирасида иштирокчилардан кутилмаган ҳолатда 1,5 миллион сўм маблағни қисқа муддат ичида топиш қанчалик қийин экани ҳақида сўралган. Натижаларга кўра, аҳолининг муайян қатламлари учун бундай маблағни топиш анча мураккаб масала бўлиб қолмоқда.
Тадқиқотга кўра, кам даромадли аҳоли қатлами, аёллар, қишлоқ ҳудудларида яшовчилар ҳамда 60 ёшдан ошган фуқаролар молиявий қийинчиликларга нисбатан энг сезгир гуруҳлар ҳисобланади. Бу тоифадаги респондентлар орасида кутилмаган харажатларни қоплаш учун зарур маблағни топиш қийинлиги кўпроқ қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳридан ташқари ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг қарийб ярми 1,5 миллион сўмни тезда топишни жуда қийин деб баҳолаган. Бу эса ҳудудлар ўртасидаги даромадлар даражаси ва молиявий имкониятлардаги фарқлар мавжудлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, тадқиқот натижаларига кўра, олий маълумотли фуқаролар мазкур маблағни нисбатан осонроқ топа олишини билдирган. Мутахассислар бу ҳолатни таълим даражаси юқори бўлган аҳолида иш ўринлари, даромад манбалари ва молиявий режалаштириш имкониятлари кенгроқ экани билан изоҳлайди.
Марказий банк маълумотларига кўра, аҳолининг бир қисми кутилмаган харажатларни қоплаш учун асосан қариндош-уруғлардан қарз олиш, жамғарма маблағларидан фойдаланиш ёки банк хизматларига мурожаат қилиш каби усулларга таянади. Бироқ барча фуқароларда ҳам бундай имкониятлар бир хил эмас.
Молиявий саводхонликни ошириш, жамғариш маданиятини шакллантириш ва аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бундай ҳолатларда аҳолининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадқиқот натижалари аҳоли даромадларини ошириш, молиявий оммабопликни кенгайтириш ҳамда молиявий саводхонликни ривожлантириш масалалари бугунги кунда ҳам долзарб эканини яна бир бор кўрсатмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА