Марказий банк банкоматлар орқали хизмат кўрсатиш сифатини оширишга чақирди
Марказий банк тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларига банкоматлар фаолиятидаги техник носозликларни бартараф этиш ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берди.
2026 йил 15 май куни юборилган расмий кўрсатма хатда банкоматлар орқали нақд пул ечиш жараёнида учраётган муаммоларни оддий техник ҳолат эмас, балки истеъмолчилар манфаатларига бевосита таъсир қилувчи муҳим масала сифатида кўриш лозимлиги таъкидланган.
Хусусан, картадан маблағ ечилиб, нақд пул берилмаслиги, маблағларнинг кечикиб қайтарилиши, муваффақиятсиз операция учун комиссия ушлаб қолиниши ёки карта банкоматда қолиб кетиши билан боғлиқ ҳолатлар фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Марказий банк бу каби мурожаатларда мижозларни сарсон қилмаслик, уларни турли идоралар ўртасида югуртирмаслик ҳамда муаммоларни тезкор ҳал қилиш зарурлигини уқтирди. Энди банкомат билан боғлиқ мурожаатлар устувор тартибда кўриб чиқилиши, фуқароларга мурожаат идентификацион рақами ва кўриб чиқиш муддати кўрсатилган тасдиқнома тақдим этилиши лозим.
Шунингдек, банклар ва тўлов тизимларига мижозлар учун ҳаракатлар кетма-кетлиги, хизмат ҳақлари ва муаммо ечими бўйича аниқ маълумотларни шаффоф тарзда тақдим этиш вазифаси юклатилди. Фуқаролар қайси канал — колл-марказ, мобил илова, веб-сайт ёки филиал орқали мурожаат қилмасин, бир хил ва аниқ жавоб олиши таъминланиши кераклиги белгиланди.
Регулятор “мурожаатни кўриб чиқиш” амалиётидан “кафолатланган натижа” моделига ўтиш зарурлигини ҳам таъкидлади. Бунда асосий мезон сифатида мижознинг пул маблағларидан қайта фойдаланиш имконияти тикланган вақт ҳисобланади.
Шу билан бирга, тўлов тизимларига тасдиқланган техник хатоликлар бўйича маблағларни мижоз мурожаатисиз автоматик тарзда қайтариш амалиётини кенгайтириш, муваффақиятсиз операциялар учун ушлаб қолинган комиссияларни ҳам автоматик қайтариш механизмларини жорий этиш тавсия қилинди.
Марказий банк банкомат ва инфокиосклар техник ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, қурилмаларнинг алоқа тизими, электр таъминоти ва узлуксиз қувват манбалари (UPS) барқарор ишлаши таъминланиши, эскирган банкоматлар босқичма-босқич янгиланиши белгиланди. Айниқса, кўча ҳудудларида жойлашган ёки кўп шикоят келиб тушаётган қурилмалар доимий профилактик назоратга олинади.
Таъкидланишича, банкоматлар сонини кўпайтиришнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими, аҳоли учун қулай, ишончли ва адолатли хизмат кўрсатиш тизимини шакллантиришдир. Техник носозлик юз берганда эса истеъмолчи муаммо билан ёлғиз қолмаслиги шарт.
Ш.Маматуропова, ЎзА