Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида қолдирди
Марказий банк бошқаруви 2026 йил 4 ноябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Инфляцион кутилмалар пасайиб бораётган ва инфляция даражаси нисбатан барқарорлашган бўлса-да, ички талабнинг юқорилиги ҳамда ташқи иқтисодий шароитлар ўзгариши билан боғлиқ инфляцион хатарларнинг сақланиб қолаётгани қатъий пул-кредит шароитларини давом эттиришни тақозо этмоқда.
Инфляция динамикаси
Сентябрь ойида умумий инфляция йиллик 6,4 фоизни ташкил этиб, август ойига нисбатан бироз тезлашди. Бунга мева-сабзавотлар, ёнилғилар ва айрим хизматлар нархларининг ўсиши таъсир кўрсатди. Хизматлар инфляцияси йиллик ҳисобда 7 фоизгача тезлашди. Базавий инфляция ўзгаришсиз 5,5 фоиз даражасида шаклланди.
Сўнгги ойларда инфляция динамикасида таклиф омилларининг таъсири кучайиб бормоқда. Шу билан бирга, йиллик нархлари ўсиши 5 фоиздан юқори бўлган товар ва хизматлар улушининг бироз ортиши инфляцион босимлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Бундай шароитда пул-кредит сиёсати таклиф омиллари таъсирида юзага келиши мумкин бўлган иккиламчи инфляцион таъсирларни чеклашга қаратилган бўлиб қолади.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этди. Хусусан, сентябрь ойида аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 8,7 фоизни, тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари эса 9,2 фоизни ташкил этди.
Жаҳон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг юқори ўзгарувчанлиги ва энергия ресурслари нархлари билан боғлиқ хатарлар ташқи инфляцион босимни кучайтирмоқда. Ушбу омилларнинг импорт нархлари, ишлаб чиқариш ва транспорт харажатлари орқали ички нархларга таъсири инфляциянинг пасайиш жараёнини секинлаштириши мумкин.
Иқтисодий фаоллик
Иқтисодиётда юқори фаоллик давом этиб, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида иқтисодий ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,3 фоизни ташкил этди. Бунда саноат, қурилиш ва хизматлар соҳалари ўсишнинг асосий драйвери бўлди.
Келгуси ойларда ҳам инвестицион фаоллик ва аҳоли реал даромадларининг ўсиши ички талабни қўллаб-қувватлаб боради. Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнози юқорига қайта кўриб чиқилиб, жорий йил якунида 8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Шунингдек, инвестицияларни жадаллашиши ва янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади. Бироқ, ялпи талабнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан юқори шаклланаётгани, талаб омиллари билан боғлиқ инфляцион босимлар давом этиши мумкин.
Инфляция прогнози
Юқори ички талаб, энергия нархлари билан боғлиқ ташқи хатарлар ҳамда айрим тартибга солинадиган нархларнинг режалаштирилган оширилиши ҳисобига умумий инфляция прогнози қайта кўриб чиқилди. Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунида инфляция 7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Бунда тартибга солинадиган нархлар ўзгаришининг бевосита таъсирлари қисқа муддатли хусусиятга эга бўлиб, келгуси йилда тугаб боради. Қатъий пул-кредит шароитлари эса ушбу ўзгаришлар билан боғлиқ иккиламчи таъсирларнинг нархлар ва инфляцион кутилмаларга ўтишини чеклайди.
Натижада, базавий инфляциянинг йил охиригача сезиларли ўзгармаслиги, кейинги даврларда эса пасайиши кутилмоқда. Умумий инфляция 2027 йил якунида 5 фоизлик таргетгача тушиши прогноз қилинмоқда.
Пул-кредит шароитлари
Пул бозори фоиз ставкалари асосий ставкага яқин шаклланмоқда. Миллий валютадаги депозитлар ва кредитлар бўйича реал фоиз ставкаларининг ижобий даражада сақланаётгани пул-кредит шароитларининг қатъийлигини таъминламоқда. Бу, ўз навбатида, сўмда жамғариш жозибадорлигини қўллаб-қувватлаб, ялпи талабнинг ишлаб чиқариш салоҳиятига яқинлашишига хизмат қилади.
Марказий банк бошқаруви юқоридаги омилларни инобатга олиб, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш ҳамда қатъий пул-кредит шароитларини давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб топди.
Бу жорий шароитларда таклиф омиллари таъсирининг бошқа нархлар ва инфляцион кутилмаларга кенг тарқалишининг олдини олиш, инфляциянинг пасайиш динамикасининг давом этишини таъминлашга хизмат қилади.
ЎзА