Марказий банк: 186 та молия ташкилоти жазоланди, 17 та банк огоҳлантирилди
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йил март ойида ўтказилган йиғилишлар давомида 29 та масала кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 17 та масала кўриб чиқилди. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш (4 та), кредит ташкилотлари устав фондидаги улушга эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (1 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодларини кўриб чиқиш (9 та) масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 12 та масала ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлар талабларининг бажарилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция ҳамда ўрганишлар натижалари, шунингдек, ташкилотларнинг молиявий хизматларини “тартибга солиш қумдони” доирасида синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Пруденциал норматив талабларига риоя этилмагани ҳамда фаолиятни қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмагани учун 17 та банкка нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш берилди.
Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмагани, шунингдек, инспекция ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 20 та банк, 89 та микромолия ташкилоти ҳамда 79 та ломбардга нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА