Мария Тимофеева "US Open-2026" турнирида мағлуб бўлди
Нью-Йоркдаги "US Open-2026" турнирида ҳамюртимиз Мария Тимофеева кутилмаганда мағлубиятга учради.
Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида теннис бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи “US Open-2026” турнирида иккинчи давра баҳслари ўз якунига етди. Унда ҳамюртимиз Мария Тимофеева бельгиялик Элизе Мертенс билан рақобатлашди.
Умумий мукофот жамғармаси 108 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақанинг иккинчи даврасидан ўрин олган ушбу учрашувда теннисчимиз кутилмаганда Элизе Мертенсга 2:6, 6:7 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа, Мария Тимофеева “US Open-2026” турнирини 130 рейтинг очкоси ва 190 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулини қўлга киритган ҳолда тарк этди.
Энди Америка очиқ чемпионатида бир ҳамюртимиз Камилла Раҳимова қолди. У бугун мамлакатимиз вақти билан соат 20:00 дан сўнг дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси беларуслик Арина Соболенкога қарши кортга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА