Мария Тимофеева «Livesport Prague Open» турнирининг иккинчи босқичига чиқди
Чехиянинг Прага шаҳрида теннис бўйича аёллар ўртасидаги «Livesport Prague Open» халқаро турнири старт олди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли теннисчиси Мария Тимофеева ҳам иштирок этмоқда. Ҳамюртимиз турнирнинг биринчи даврасида нейтрал мақом остида қатнашган Александра Сасновичга қарши баҳс олиб борди.
1 соат 45 дақиқа давом этган учрашувда Мария Тимофеева устун ўйин намойиш этиб, рақибасини 6:3, 6:4 ҳисобида мағлуб этди ва мусобақанинг иккинчи босқичига йўлланма олди.
Учрашув арафасида WTA рейтингида Мария Тимофеева 84-ўринни, Александра Саснович эса 133-поғонани эгаллаб турганди.
Энди ўзбекистонлик теннисчи чорак финал йўлланмаси учун нейтрал мақомдаги Анна Блинкова ҳамда Чехия вакили Сара Белек ўртасидаги баҳс ғолибасига қарши кортга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА