
Жаҳонда юз бераётган жараёнлар, турли мафкуралар ўртасидаги кураш тобора кескин тус олган шу кунларда маънавият ва маърифат масаласи долзарб аҳамият касб этади.
Жойларда ўтказилаётган турли тадбирларда зиёлилар томонидан келажак авлод тарбиясига масъулият билан ёндашиш кераклиги кўп бор таъкидланмоқда. Янада аниқроқ айтсак, маънавият ҳаёт-мамот масаласига айланиб улгурди. Шу жиҳатдан олиб қараганда юртимизнинг барча таълим муассасалари, маҳалла ва гузарларида “Маърифат улашиб” лойиҳаси ўтказилаётгани айни муддаодир.

Шундай тадбирлардан бири Чирчиқ давлат педагогика университетида таниқли ёзувчи ва шоирлар Абдунаби Бойқўзиев, Фозил Жабборов ва Зебо Мирзо иштирокида ташкил этилди.

Ижодкорлар билан суҳбатда университет ректори Ғофуржон Муҳамедов талабаларнинг бадиий-эстетик қарашларини ривожлантиришга қаратилган университет стратегияси ҳақида сўзлаб берди. Меҳмонлар университет талабаларининг ижодий ютуқлари ва интеллектуал маҳоратлари, натижалари акс этган павильон билан ҳам танишди.

Университет ташаббуси билан Чирчиқ шаҳридаги мактабларда ижодкорлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Барча кўтарилган мавзулар мактаб ўқувчиларига манзур бўлди.
Чирчиқ давлат педагогика университети талабалари ёзувчи ва шоирларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлди.

Суҳбат давомида университет талабалари томонидан меҳмонларнинг қиёфаси акс эттирилган сурат-портретлари ишланди ва эсдалик сифатида эгаларига топширилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фонди томонидан нашр қилинган бадиий адабиётлар олий ўқув юрти кутубхонасига топширилди.

Талабалар шаҳарчасида оқшом гулхани ёқилиб, адабий мушоира ташкил этилди. Унда Ватан ва она халққа садоқат туйғуси улуғланган энг сара шеърлар ижодкор талабалар томонидан ўқилди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири