ФОТОРЕПОРТАЖ
“Ёшлар ойлиги” доирасидаги маънавий-маърифий тарғибот лойиҳаларни ўтказиш учун олимлар, зиёлилар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлардан иборат “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзолари Термиз шаҳрига ташриф буюрди.
“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилаётган Ёшлар ойлиги доирасида Сурхондарё вилоятида “Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри”, “Миллий қадриятлар ҳафталиги”, “Инсон қадри ва меҳр-саховат”, “Китоб карвони”, “Маърифат соати” каби маънавий-маърифий лойиҳалар ташкил этилиши режалаштирилган.
Тарғиботчиларнинг илк тадбири “Китоб карвони” бўлди. Мазкур лойиҳа доирасида вилоятга 3 мингга яқин китоб олиб келинган. Улар вилоятдаги олий таълим муассасаларига тарқатилади.
Шунингдек, тарғиботчилар томонидан “Зиёлилар форуми” лойиҳаси ўтказилди.
Ушбу форум-семинар жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг янгича усулларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадига қаратилгани билан аҳамиятли.
Тарғиботчиларнинг кейинги манзили Термиз шаҳридаги Жўйжангал маҳалласида истиқомат қилувчи Равшановлар хонадони бўлди. Хонадон эгалари боқувчисини йўқотган 11 нафар болани ўз қарамоғига олган.
[gallery-12329]
Тадбир иштирокчилари болажонлар билан дилдан суҳбат қуриб, уларга ўқув қуролларини тақдим этди.
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари “Меҳр-саховат” лойиҳаси доирасида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган оилалар хонадонида ҳам бўлди.
Тарғиботчилар тадбири вилоят бўйлаб 15 июнга қадар давом этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА