“Маърифат карвони”: зиёлиларни янада фаол бўлишга чорлади
Андижон давлат университетида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги илмий-маърифий ҳамда маданий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.
“Маърифат карвони” доирасида Андижонда бўлиб ўтган тадбирлар Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди. Унда вилоятдаги олий ўқув юртлари, Мактабгача ва мактаб таълими, Маҳаллалар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, “Нуроний” уюшмаси вилоят бўлимлари вакиллари, олимлар, маънавият тарғиботчилари, ижодкорлар, имом-хатиблар, отинойилар, ёшлар иштирок этди.
Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги нутқи ҳақида видеоролик намойиш этилди.
“Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусидаги зиёлилар форуми очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг аҳамияти, мазмун-моҳиятини тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, “Маърифат карвони” тадбирларининг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18-20 ноябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги нутқи мазмун-моҳияти, уни тарғиб этишда зиёлиларнинг вазифалари алоҳида қайд этилди.
Мутахассис, олимлар томонидан иштирокчиларга Янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги тараққиётини барпо этиш, янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилган ишлар, олдимизда турган муҳим мақсад ва вазифалар, “Ўзбекистон –2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунча, маълумотлар берилди. Шунингдек, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш, миллатлараро тотувлик, бағрикенгликни таъминлаш, юртдошларимиз қалбида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш, бу борада зиёлиларнинг фаоллигини янада ошириш таъкидланди.
Шундан сўнг республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, фалсафа фанлари доктори Шавкат Тўраевнинг “Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар: муаммо ва ечим”, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Абдушукур Муротовнинг “Буюк тамаддунга муносиб эътибор”, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Абдували Пардаевнинг “Имом Мотуридий илмий-тадқиқот маркази фаолияти” мавзусидаги маърузалари тингланди. Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Абдулбосит Мамадалиевнинг Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази томонидан олиб борилаётган ишларга бағишланган тақдимоти билан танишилди.
Маърузалар юзасидан савол-жавоб, муҳокамалар бўлди. Иштирокчилар томонидан мавзулар доирасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Ислоҳотлар жараёнида, айниқса, ислоҳотларнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти ва самараларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этишда шубҳасиз, зиёлилар фаол ва илғор бўлади, – дейди тадбир иштирокчиси, Андижон давлат педагогика институти ректори, профессор Бахтиёржон Расулов. – Шу маънода “Маърифат карвони” тадбирлари биз зиёлиларни янада фаол бўлишга чорлади.
Тадбирда Андижон вилоятида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самаралари, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари акс этган видеоролик намойиш этилди.
[gallery-20723]
Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов вилоятда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берди.
Тадбир якунида “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирларида фаол қатнашган бир гуруҳ соҳа вакиллари Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимининг ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари