“Маърифат карвони” вилоятлар босқичини муваффақиятли якунлади
Энди маърифий ҳаракат туманларда давом этади
“Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” шиори остида ташкил этилган “Маърифат карвони” илмий-маърифий семинарларининг вилоятлар босқичи муваффақиятли якунланди. Энди мазкур маърифий ҳаракат республика туманларида давом этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни кенг жамоатчиликка етказиш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган “Маърифат карвони” қисқа вақт ичида республика миқёсидаги кенг маърифий ҳаракатга айланди.

Лойиҳа Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида жорий йилнинг 4 сентябрь куни Тошкент шаҳрида старт олди.
“Маърифат карвони” илмий-маърифий семинарлари 7-9 сентябрь кунлари Андижон, Самарқанд, Навоий, Фарғона, Бухоро, Наманган, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида, 14-16 сентябрь кунлари эса Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ўтказилди. Шу тариқа, маърифий карвон Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларни қамраб олди.

Семинарлар ҳудудларда икки йўналишда ташкил этилиб, уларда олимлар ва зиёлилардан иборат тарғиботчилар, вилоят ҳокимликлари аппарати ходимлари, бўлим масъуллари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этди.
Вилоятлар босқичи доирасида жами 3374 нафар иштирокчи қамраб олинди. Уларнинг 529 нафари ҳудудий тарғиботчилардан иборат бўлди. Шунингдек, тадбирларда 40 нафар республика тарғиботчиси фаол иштирок этди.
Республика тарғиботчилари ҳудудларда илмий-маърифий учрашувларни ташкил этиш, Президент нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни кенг жамоатчиликка етказиш, иштирокчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш ва фикр алмашиш жараёнларида муҳим ўрин тутди.

Мулоқотлар давомида иштирокчиларнинг фикр ва таклифларига алоҳида эътибор қаратилди. Улар саволлар билан фаол қатнашиб, долзарб масалалар юзасидан ўз қарашларини билдирди. Бу эса “Маърифат карвони”ни шунчаки ахборот етказиш воситаси эмас, балки очиқ мулоқот, фикр алмашиш ва амалий ташаббусларни муҳокама қилиш майдони сифатида намоён этди.
Вилоятлар босқичида қамраб олинган 3374 нафар иштирокчининг ҳар бири ўз соҳаси, жамоаси ва ҳудудига оид тажриба, қараш ва таклифлари билан маърифий мулоқотларни мазмунан бойитди. Ҳар бир учрашув саволларга жавоб излаш, фикр алмашиш ва янги ташаббусларни муҳокама қилиш учун самарали мулоқот майдонига айланди.
Айниқса, 529 нафар ҳудудий тарғиботчининг лойиҳага жалб этилгани вилоятларда бошланган маърифий ишларни жойларда изчил давом эттириш учун муҳим замин яратди.
Эндиликда “Маърифат карвони” туманларда ўз ишини давом эттиради. Янги босқичда маърифий ҳаракат аҳолига янада яқинлашади. Туманлардаги корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари, маҳаллалар, ёшлар жамоалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлар ташкил этилади.
Шунингдек, вилоятларда бошланган очиқ мулоқотлар туманларда ҳам давом эттирилиб, давлатимиз раҳбари нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, уларни жойлардаги ҳаёт ва амалий вазифалар билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу тариқа, “Маърифат карвони”нинг вилоятлар босқичида бошланган маърифий мулоқотлар янги босқичда туманларда давом этиб, аҳоли, айниқса, ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА