Марҳамат туманида ўқув-амалий семинар
Марҳамат туманида аҳоли хонадонларида боқилаётган қорамоллар маҳсулдорлигини ошириш, чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ҳамда сунъий уруғлантириш хизматларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда соҳа мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари, қорамолчилик билан шуғулланаётган тадбиркорлар, аҳоли вакиллари иштирок этди.
Тадбирда чорвачилик, қорамол парваришида замонавий усулларни жорий этиш, сунъий уруғлантириш орқали чорва моллари наслини яхшилаш, гўшт ва сут етиштириш маҳсулдорлигини ошириш, шунингдек, чорва ҳайвонлари орасида турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мутахассислар томонидан сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари, жумладан, зотдор ва насли яхшиланган қорамоллардан юқори маҳсулдор насл олиш, касалликлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда ҳудудда эпизоотик барқарорликни таъминлаш бўйича маълумот берилди.
Иштирокчилар томонидан чорвачиликни ривожлантириш орқали юқори самарадорликка эришиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, хусусан, кам харажат эвазига юқори ва сифатли чорва маҳсулотлари етиштириш имкониятлари хусусида, шунингдек, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Семинарда ҳоким ёрдамчиларига аҳоли ўртасида қорамолчиликнинг афзалликлари ҳақида тарғибот ишларини кучайтириш, хонадонларда чорвачиликни ривожлантириш учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири