Марғилонда ипак ва ранглар байрами
Марғилон яна бир бор миллий ҳунармандчилик, ипакчилик ва замонавий дизайн намоён бўладиган йирик маданий майдонга айланади. 17–19 сентябрь кунлари Фарғона вилоятининг қадимий Марғилон шаҳрида VII Халқаро "Атлас байрами" – "Marg‘ilon atlasi & adrasi" фестивали бўлиб ўтади. Уч кун давомида шаҳарга келган меҳмонлар ўзбек миллий матосининг бетакрор жилоси, ҳунармандларнинг маҳорати, миллий либослар ва Марғилоннинг кўп асрлик ипакчилик анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Фестиваль “Водий гавҳари – Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ташкил этилади. Дастурдан ҳунармандчилик, дизайн ва тадбиркорлик йўналишларидаги тренинглар, халқаро илмий-амалий конференция, маҳорат дарслари, ҳунармандчилик ярмаркаси ҳамда мода намойишлари ўрин олган. Ипак ишлаб чиқариш соҳасида “Тўқимачилик санъати: анъаналар мулоқоти” халқаро кўргазмаси ташкил этилади.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон ҳунармандчилиги: барҳаёт анъаналар” фотокўргазмаси ҳам очилади. Фестивални ғолибларни тақдирлаш ва гала-концерт билан якунланиши режалаштирилган.
– Бу тадбирда 50 дан зиёд давлатдан 200 га яқин соҳа вакиллари иштирок этиши белгиланган, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Рашиджон Аминов. – Аввалги фестивалда 28 та давлатдан ҳунармандлар ташриф буюрган эди. Бу гал улар сони икки баравар кўп. Бундан ташқари, қўшни вилоятлардан тўқимачилик соҳасида фаолият юритаётган уста ҳунармандлар ва 100 дан зиёд маҳаллий ҳунарманд, уста фестивалда бевосита иштирок этади. Б2Б ва Г2Б учрашувлари ҳам белгиланган. Яъни, ҳунармандлар бевосита ўзаро тажриба алмашиши, ҳамкорликни йўлга қўйиши ҳам мумкин. Қолаверса, дунёга таниқли, машҳур дизайнерлар ташрифи кутиляпти. Бундан ташқари маҳаллий дизайнерларнинг маҳсулотлари, модалар намойиши ҳам режалаштирилган.
“Ҳунарманд” уюшмаси маълумотига кўра, VII Халқаро “Атлас байрами”да қўлда газлама тўқиш, миллий матолар тайёрлаш, каштачилик, миллий либослар ва қўлда гилам тўқиш йўналишларида фаолият юритувчи усталар иштирок этиши мумкин. Кўргазмада намойиш этиладиган маҳсулотлар фақат қўл меҳнати асосида тайёрланган бўлиши лозим. Бугун атлас миллий либослар учун ишлатиладиган мато эмас. У замонавий мода, дизайн ва креатив саноатнинг бир қисмига айланмоқда.

Ранг-баранг атлас кўйлаклар, миллий нақшлар уйғунлашган замонавий либослар, аксессуарлар ва интерьер буюмлари миллий мероснинг янги қиёфасини намоён этмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Атлас байрами”ни фақат кўргазма ёки маданий тадбир сифатида эмас, балки миллий ҳунармандчиликни замонавий бозор ва креатив иқтисодиёт билан боғлайдиган майдон сифатида баҳолаш мумкин.
– 12-дан 16-сентябргача фестиваль олди тадбирлари амалга оширилади, – дейди Рашиджон Аминов. У Марғилондаги Сайид Аҳмад Хўжа Эшон мадрасасида бўлиб ўтади. Бу ерда Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистондан келган ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритаётган ёшлар, дизайнерлар, тадбиркорлар учун маҳорат дарслари ўтилади. Марғилонда бўлиб ўтадиган «Атлас байрами» ана шу жараённинг навбатдаги катта намойишидир.
Марғилон атласи – ўтмишдан келаётган мерос. “Атлас байрами” эса ана шу мероснинг бугунги ва эртанги авлодларга узатилаётган ранг-баранг кўпригидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/r06yOE0txPQ" title="Marg‘ilonda ipak va ranglar bayrami" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА